Ўзбекистонда журналистлар учун жорий этиладиган миллий гувоҳномага таъриф берилди

0
159
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда журналистлар учун жорий этиладиган миллий гувоҳнома қандай кўринишда бўлиши ҳақида маълумот берди.

«2019 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси журналистининг умумэътироф этилган миллий гувоҳномасини жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ушбу гувоҳнома Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг голограмма муҳри билан тасдиқланган ID-карта кўринишида бўлиб, унда гувоҳнома эгаси ҳақида маълумот, фотосурат, ҳимояланган шахсий штрих-код мавжуд бўлади.

Миллий гувоҳнома Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган журналистларга бепул тақдим этилади. Гувоҳнома журналистнинг ҳақиқатан профессионал касб эгаси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур гувоҳнома журналистларга касби юзасидан вазирликлар ва бошқа давлат идораларига, жамоатчилик ва маданий жойларга (кўргазма, театр, кинотеатр, музей, концерт, кўнгилочар ва дам олиш ҳудудлари, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий тадбирлар) тўсиқларсиз кириш, ахборот олиш, материалларни тайёрлаш ва тарқатишда ҳамкорлик қилиш, шунингдек, вазирликлар ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда идораларнинг ички тадбирларида иштирок этиш имконини беради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз президентининг 2 февралдаги қарори билан 2019-2020 йилларда Ўзбекистонда ахборот соҳасини ривожлантириш бўйича дастур тасдиқланди.

Унга кўра, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 2019 йилнинг июнига қадар журналист мақомини ошириш, медиа жамиятда ўзини ўзи бошқариш механизмларини шакллантириш ҳамда журналистнинг умумэътироф этилган миллий гувоҳномасини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши белгиланган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.