Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига

0
176
марта кўрилган.
Азиз дўстлар! 

Ҳурматли меҳмонлар! 

Шу кунларда кўп миллатли халқимиз корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 80 йиллигини нишонламоқда. 

Ўтган асрнинг муҳтожликка йўғрилган ғоят мураккаб даври – 30-йилларида шафқатсиз сиёсий тузум тазйиқи остида ўн минглаб корейслар Узоқ Шарқдан Ўзбекистон заминига келиб қолишган. Ўзбек халқи ўзига хос олижаноблик ва бағрикенглик билан тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган корейсларга меҳр кўрсатди, бағрига олиб, бошпана берди. 

Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади. 

Биз корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаймиз. 

Улар юртимиздаги чўлларни ўзлаштиришда фаол иштирок этди, қийин шароитларда қўриқ ерларга ишлов берди, ернинг тилини биладиган омилкор деҳқон сифатида кейинчалик энг илғорлар қаторидан жой олган хўжаликлар барпо этди. 

Корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг шонли ва фидокорона меҳнати, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий топиши ва фаровон бўлишига қаратилган бунёдкорлик фаолияти мамлакатимиз эришган ютуқлар солномасида ёрқин саҳифа бўлиб қолади. 

Мамлакатимизда катта обрў-эътибор қозонган 283 нафар корейс миллатига мансуб юртдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган. 

Улар орасида депутатлар, ҳукумат аъзолари, хизмат кўрсатган фан, маданият ва санъат арбоблари, юқори малакали мутахассислар бор. Булар қаторида таниқли қишлоқ хўжалиги ходимлари Ким Пен Хва ва Хван Ман Гим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ва бошқаларни алоҳида эътироф этиш керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд корейс миллати вакиллари истиқомат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ўзбек тилида сўзлаша олиши, маданиятимизни яхши билишини алоҳида қайд этиш зарур. Буни биз ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром сифатида қабул қиламиз. 

Корейс диаспораси кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ажралмас бўлаги бўлиб, анъанавий тарзда республика миқёсида ўтказиладиган барча оммавий ва маданий тадбирларда фаол иштирок этади. 

Жорий йилнинг июнь ойида пойтахтимиздаги «Дўстлик боғи»да корейс диаспораси томонидан саховатли ўзбек заминидаги бағрикенглик, самимийлик ва ғамхўрлик, тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдорлик белгиси сифатида ёдгорлик монументи барпо этилди. 

Мамлакатимизда бошқа миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Мисол учун, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида корейс филологияси ўқитилмоқда. 

Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси томонидан бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Корейс тилида китоб ва газеталар чоп этилмоқда, кўргазмалар, концертлар, фестиваллар, ижодий жамоаларнинг Ўзбекистон бўйлаб ва хорижга гастроллари, ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. 

Айни пайтда Тошкентда Корея Республикаси ҳукумати кўмагида Корейс маданият ва санъат уйи бунёд этилмоқда. Ўйлайманки, у бизнинг тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлигимизнинг ёрқин тимсоли, ёшлар ва зиёлиларни ўзига жалб қилувчи маскан, маданиятларимизни ўзаро бойитиш марказига айланади. 

Ўзбекистонда Корея Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, корейс диаспораси бунга катта ҳисса қўшмоқда. 

Яқин кунларда Корея Республикасига олий даражадаги ташриф режалаштирилган бўлиб, унинг доирасида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади. 

Қадрли тадбир иштирокчилари, Сиз ва сизнинг тимсолингизда барча корейс юртдошларимизга умумий уйимиз – жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги фидокорона ва самарали меҳнатингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. 

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, муваффақият, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Маъруза Prezident.uz сайтидан олинди

 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.