Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Абдуллаевани эслаб…

0
426
марта кўрилган.

Журналистика касбининг гўзал томони шуки,  касб эгаси ҳамиша одамлар орасида бўлиб,  янги-янги танишлар орттиради, инсонлар  тақдиридан сабоқлар чиқаради…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Абдуллаева билан касбим тақозаси билан танишдим. У пайтларда Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлардим. Режиссёримиз Ғайрат ака (охирати обод бўлсин) Меҳри Абдуллаеванинг юбилейи кенг нишонланаяпти, ярим соатлик кўрсатув қилсак,  деб қолди. Бир умр адабий- драматик кўрсатувларда фаолият олиб борган  Ғайрат ака санъаткорни яхши билар эканлар, биз танишишни уйидаги суҳбатдан бошладик. Санъат соҳибаси билан суҳбатлашиб, янги бир дунёни кашф қилгандек бўлдим.

Меҳри опанинг ёшлиги ўзбек халқининг севимли ёзувчиси Ойбек  домланинг “Курашади  икки тўлқин қараб  турайми, тарих рулин кетга бурайми!?”  дея шеърий сатрлари  битилган  пайтларга тўғри келган.

Меҳри опанинг болалиги икки тўлқин курашиб турган пайтларга тўғри келгани учун мактабда ўқимаган. Кейинчалик  Наманганда ташкил этилган дастлабки хотин-қизлар клуби қошидаги саводсизликни тугатиш курсида ўқиш билан бирга шу ердаги мусиқа труппасига ҳам қатнай бошлади. Водийнинг кекса хонанда ва созандаларидан қўшиқ айтишни, дутор чалишни ўрганди. У оқшомлари театр саҳнасида машқ қилар, кечаларни мутолаа билан ўтказар, кундузи тинимсиз изланишлар…

Яна суҳбатимиз давомида янги туғилган чақалоқни бағрига босиб  эр-хотин санъаткорлар  узоқ қишлоқларда ҳафталаб меҳнат сафарида бўлиб, қўшиқлар куйлашганини, у пайтлар ҳозиргидек гўзал маданият уйлари бўлмаганлиги туфайли  очиқ майдонларда,  пахтазору ғаллазорларда, ҳатто бехосдан ёмғир шаррос қуйиб қолганида молхоналарда куйлашганини эшитиб ҳайратланганман.

Фарғона канали бунёд этилаётганида у ерда  сафарда юрганида қизини кечаси қурилиш майдонида туққанини эшитиб, жасоратига ажабланганман.

Суҳбатлашаётган пайтимизда ичкаридан энди эмаклаётган гўдакдек бир фарзанди судралиб чиқиб келди.  Ушбу фарзандим кечани кеча кундузни кундуз демай  қор-у ёмғирларга қарамай далаларда куйлаганимизнинг натижаси, секин тин олди у. “Бизнинг ёшлигимизда ҳозиргидек, янги бўшанган аёлнинг бир йиллик таътили йўқ эди, – деди маюсгина. Ана шунда ушбу санъаткорни уни билганлар нега қадрлашини англаб етдим…

 Унинг ўзи таъкидлашича,  санъатга меҳр қўйиб кам бўлмади, бахтини топди. Ўзидек нафосат шайдоси  Ҳамро Абдуллаев билан турмуш қургач,  улар биргаликда Қўқондаги “Жўр труппа”да қўшқанот бўлиб ишлай бошладилар. Эр-хотин санъаткорларни 1930 йилда Ўзбекистон Давлат мусиқали  театри (ҳозирги Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри)га таклиф этишди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамро Абдуллаев охирати обод бўлсин биз Меҳри опа билан танишганимизда вафот этган эди. Эри ўзбек, Меҳри опа эса уйғур қизи.

– Отамни эслай олмайман. У қашшоқликда барвақт вафот этган. Онам бир этак бола билан  қолган эканлар. Камбағалпарвар янги ҳукумат биз етимларни бағрига олди. Дутор чалишга, қўшиқ куйлашга ўргатган устозларим эса ўзбеклар эдилар.  Оиламдагилар ва атрофимдаги устозлар бошқа миллат вакили эканлигимни ҳеч таъна қилган эмаслар,– дейди эҳтиром билан у.

Санъаткорлар оиласида беш қиз дунёга келди.  Улардан бирининг исми Каналхон.  У бир умр  шифокор бўлиб элга хизмат қилди. Исмини Ўзбекистон оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев қўйганидан фахрланиб юради…

1939 йили Катта Фарғона каналига биринчи кетмон урилди.  Умумхалқ ҳашари бошланди. Унга санъаткорлар ҳам  жалб этилдилар.  Канал бўйлаб куни билан микрофондан хуш наволар таралиб одамларни  завқ-шавқ билан ишлашга чорларди. Тушлик ва оқшом пайтларида ўйин-кулги, куй-қўшиқ, ҳазил-мутойиба авжига чиқар эди.  Шоирлар шеър ёзишар, бастакорлар куй тўқишар,  хонандалар уларни ёд олиб улгуришмасди.  Меҳри опа эса шоир Акмал Пўлатдан олган қўшиқни қоғозга қараб куйлай бошларди.

Бу ерга гул элимнинг тоғ кесар Фарҳодлари келган,

Асов дарёни тўсган довюрак шаддодлари келган.

Уринг кетмонни, ломидан кенг адирлар пахтазор бўлсин,

Каналда ишлаганлар юз ва минг йиллар омон бўлсин.

Қурувчилар Меҳрининг “Тановор”ини ниҳоятда севардилар. Жон олгувчи  тарона янграганда атроф сув қуйгандек жим бўлар, санъаткор овози дутор тори бирла  юракларни чертарди. “Омонёр”га “Дилхирож” уланар, қўшиқлар қалбларга қанот бағишлар, бундан руҳланган каналчилар бир кунда уч-тўрт норма бажаришарди. Бўш вақтларида  санъаткорлар улар билан тенгма-тенг канал қазир эдилар.

Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носировалар ҳам бу ерда тез-тез бўлиб туришарди. Ўзбекистон филармониясининг Лутфихоним Саримсоқова бошчилигидаги  “Дуторчилар” ансамбли эса доимо шу ерда эди. Улар 25 нафар эдилар. Меҳри Абдуллаева  оғироёқ бўлишига қарамасдан канал қурилишига келди, Ўзи ишлаётган ижодий труппадан  ажралиб қолгиси келмади.

Бу ерда Зуҳро юлдузи кўчмасдан карнай-сурнай садолари янграрди. Каналчиларни шу йўл билан уйғотиш  одат тусига кирганди.

 Ярим тунда санъаткор қизлар чодирида безовталик бошланди.  Карнай-сурнайнинг тонгги таронасидан сўнг қўшиқ бошланарди. Ўша куни радиокарнайдан овоз янгради: – Диққат-диққат! Ўртоқлар, митинг майдонига марҳамат, хушхабар бор!

Уч минг каналчи бир зумда тўпланди. Йўлдош ота Охунбобоев сўз бошлади: “Ўртоқлар, сафимиз яна бир кишига кўпайди. Қиз бола дунёга келди. Исми ўзи билан туғилди. Каналхон қўямиз. Қадами қутлуғ, умри узоқ, сувдек сероб бўлсин!

Ўзбекистон оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев гўдакни баланд кўтарди-да, пешонасидан ўпди ва деди: Энди ҳамма жой-жойига.

Барчанинг кайфияти чоғ эди. Одамлар янада зўр шижоат билан ишга киришдилар. Йигитлар зил-замбил тупроқни Каналхон  шарафига деб қазиб ташидилар. Гўдак қадами қутлуғ келди. Катта Фарғона канали 45 кунда битказилди. Янги туққан М.Абдуллаева атиги  6 кунгина ётди, еттинчи куни яна хизматга чиқди.

– Меҳри опа қизингизнинг тақдири барчани қизиқтиради, – сўрадим мен.

– Каналхон Муҳаммедова  республика қон қуйиш институтида бўлим бошлиғи. Уч нафар фарзанди бор. Катта ўғли армияда, жавоб берди Меҳри опа.

– Уйғурча ашулаларни ҳам биласизми?

– Албатта. Куйлаб берайми? Бу қўшиқни  1951 йилда Хитой Халқ  Республикасининг Синьцзян вилоятида бўлган маданият ва дўстлик кунларида ижро этганман. У ерга 50 нафар санъаткор боргандик. “Олти каптар”, “Ойхоним” каби уйғур халқ қўшиқларини куйладим.

У уйғурча қўшиқ бошлади. Сўзларини эътиборга олмаганда ўзбек мусиқасига ниҳоятда ҳамоҳанг эди.

– Сиз Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунликларида ҳам қатнашганмисиз? (Ўша пайтларда бу тадбирлар жуда машҳур эди).

– Москвада ўтказилган учта 1937, 1951, 1959 йилги санъат байрамларида иштирок этганман. Декадалар халқлар дўстлигининг рамзи бўлиб, учрашувларда бир-биримиздан қўшиқ ва рақслар ўрганардик, репертуаримиз бойирди.

– Ҳаётингиздан. тақдирингиздан  мамнунмисиз?

– Бўлмасам-чи, Республика театр жамияти бу йил таваллуд топганимнинг 75 йиллиги ва ижодий фаолиятим бошланганлигининг 60 йиллигини  нишонлади. Бундай бахтга мушарраф бўлган ҳам бўлмаган ҳам бор. Иккинчи жаҳон  уруши жангоҳларида  қўшиқ айтардик. Файзихон Мирзажонова деган қизимиз уруш қурбони бўлди. Шунақа чиройли куйлар эдики… У бироз маюслашади. Ана шундай жангоҳлардан омон чиқдик. Бу бизга тақдирнинг иноми эмасми?

– Айни кунда Зебо Ғаниева номидаги фронтчи қизлар ансамблида қатнашаяпсиз. Бу сизга оғирлик қилмайдими?– маъюс фикрларидан чалғитиш учун яна сўрадим. (Изоҳ: Суҳбатлашган чоғимизда  иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 30 йиллигига бағишлаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Рахимова саперчи қиз Зебо Ғаниева номидаги фронтчи қизлар ансамблини ташкил қилган эди).

– Йўқ, асло. Куйласам, руҳланиб яйраб кетаман. Уруш даври қўшиқларини қайта тиклаяпмиз.

– Ўзингиз якка ижро этадиган қўшиқ ҳам борми?

– Раҳматлик Чустий домланинг ғалабага бағишлаб ёзган “Қувон халқим” қўшиғини куйлайман.

– Она юртинг – олтин бешигинг, дейди халқимиз. Сиз буни қандай тушунасиз?

– Мен уйғур қизи бўлсам-да, Ўзбекистонда туғилиб, шу диёрда улғайдим. Шу жонажон ўлкада эсимни таниб, қалам ва дутор ушлашни ўргандим. Уруш йиллари шоир Камтарнинг ашуласини куйлар эдим. У шундай сатрлар билан якунланарди:

Камтаринг чун тупроғинг зар,

сувларинг қанду асал.

Ўзбекистон пахтазорим,

сақламоққа мен борай.

Кўпинча “Камтаринг чун” ўрнига “Меҳринг учун” дея ўзимни  қўшиб куйлар эдим. Бу менинг юрак-юракдан отилиб чиққан ўзбек халқига миннатдорлик сўзларим. Ушбу гўзал  диёрда туғилиб ўсганим, умримнинг кўпини унинг хизматига бағишлаганим билан фахрланаман. Тупроғи зар–Ўзбекистоним дея, ардоқлайман.

 Бу ўша пайтдаги кўрсатувимиздаги суҳбатлар эди.  Кейинчалик Меҳри Абдуллаева ҳақида газетага ҳам мақола ёздим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Абдуллаеванинг охирати обод бўлсин. Рўза айёмида ва Хотира ва қадрлаш куни яқинлашиб келаётган ушбу кунларда жафокаш, заҳматкаш инсонларни яна бир бор хотирлаб қўйиш бурчим, деб ўйладим. Чунки, бугунги ёшларимиз  халқимиз қандай қийин даврларни бошидан ўтказганлигини, ўзбек санъатининг фидойиларини билиб қўйишлари керак…

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.