Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди

0
29
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари яқинда бўлиб ўтган парламент мажлисидаги нутқида аҳоли сони кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа эканини таъкидлади.

Ҳақиқатан, юртимиз аҳолиси йилига қарийб 1 миллион нафарга ўсиб бораяпти. Ер ва сув манбалари эса чекланган. Шу боис ички бозор барқарорлигини омилкорлик ва ҳосилдорлик орқали таъминлаш мумкин.

Тақдимотда қишлоқ хўжалиги вазири шу борадаги режаларни баён этди.

Келгуси йил 4 миллион 800 минг гектарда экинлар етиштириш мўлжалланган. Шундан 2 миллион гектардан зиёд ерда мева-сабзавот, картошка, дуккакли ва полиз маҳсулотлари экилади. Уларнинг далаларда жойлаштирилиши ва ҳосилнинг захирага жамланиши мониторинг қилиб борилади.

Хусусан, аҳолига бирламчи зарур бўлган 10 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимли ҳисоб-китоби юритилади. Бунда ҳар бир туман кесимида қандай маҳсулот етиштирилиши ва ички бозор учун қанча захира қилиниши мужассам бўлади.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилган эди. Шунингдек, Сайхунобод тажрибаси асосида томорқаларда маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланмоқда. Бу одамларни, айниқса, ёшларни иш ўрни ва даромад билан таъминлашда тўғри йўл бўлганини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Шунингдек, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўп етиштирилиб, уларнинг нархи кескин ошиб кетмаслигида муҳим омил бўлди.

Энди бу ишларнинг сифатини ошириб, ажратилган ерлар ва томорқалардан унумли фойдаланиш, аҳолига илмий ва амалий жиҳатдан кўмаклашиш зарур. Бундан ташқари, туманларнинг ўзи қишлоқ хўжалигига грант ва техник кўмаклар жалб этиши, илғор технологияларни қўллаши талаб этилади. 

Давлатимиз раҳбари хорижий тажрибани ўрганиб, картошкачилик тизимини такомиллаштириш ва ҳосилдорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ўтган йилги қишда 9 минг гектар боғ ва 4 минг гектар узумзорни совуқ урган эди. Оқибатда 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлди.

Президентимиз бундай об-ҳаво шароитларида деҳқонлар зарарининг олдини олиш бўйича топшириқ берган эди. Шунга мувофиқ, хорижий мутахассислар билан бирга “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг қабул қилиниши деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий ҳимоясини таъминлайди.

Пахтачиликда хорижий навларни экишнинг натижадорлиги таҳлил қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу борада кластер, фермер ва саноат корхоналари фикрини ўрганиб, масалага илмий ёндашиш, фермерларни замонавий агротехнологияларга ўқитиш муҳимлигини таъкидлади. Замонавий пахта териш машинаси ва аҳоли томорқалари учун кичик агротехникалар ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда дарахтзорлар барпо этилмоқда. Шундай боғлар атрофи ҳамда дала четларида одамларга манфаат келтирадиган экинлар етиштириш мумкинлиги айтилди.

Тақдимотда вилоят ва туманларда қишлоқ хўжалиги соҳасида бошқарув тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.