Паралимпия ўйинлари спортчиларидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб совға

0
223
марта кўрилган.

Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ҳам ўз якунига етди. Спортчиларимиз бугун тантанали равишда кутиб олинди.

Делегациямиз ушбу Паралимпия ўйинларига 48 спортчи билан 55 та йўлланма қўлга киритган эди. Якунда 19 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 162 делегация орасида мусобақани 16-ўринда якунлади. Ўзбекистон жамоаси 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритди.

Бу кўрсаткич Осиё жамоалари (Хитой, Япония ва Эрондан сўнг) ва МДҲ (Россия, Украина ва Озарбайжондан кейин) мамлакатлари орасида тўртинчи, Марказий Осиё ва Туркий халқлар орасида биринчи бўлди. Эслатиб ўтамиз, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам спортсиларимиз 8 та олтин медаль билан 16-ўринни банд этган эди.

Паралимпия ўйинларининг дастлабки ютуғини юртимиз терма жамоаси вакили Ислом Асланов бошлаб берди. Пара-сузиш баҳсларида 57.12 сония натижа қайд этди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Пара-енгил атлетика дастурининг T11 классида аёллар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Асила Мирзаёрова эса делегациямиз ҳисобига иккинчи медални қўлга киритди. У 4.91 метр натижа кўрсатган ҳолда 2-ўринни эгаллади ва кумуш медалга сазовор бўлди. Токио-2020 Паралимпия ўйинларидаги дастлабки олтин медални 66 кг вазн тоифасида курашган пара-дзюдочимиз Учқун Қуронбоев армуғон қилди.

Пара-енгил атлетиканинг F12 тоифасида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Элбек Султонов бронза медалига сазовор бўлди. Унинг дастлабки уринишда қайд этган 15.94 метр натижаси якунда шоҳсупага кўтарилишига замин яратди. Таъкидлаш жоиз, бу Султонов учун янги шахсий натижа бўлди.
Токио-2020 Паралимпиадаси қаҳрамонлари орасида пара-дзюдочимиз Парвина Самандарова ҳам бор. У 57 кг вазн тоифасида иштирок этиб, Олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритди.

Пара-енгил атлетикачимиз Моҳигул Ҳамдамова эса олтин медалини қўлга киритди. F57 тоифасида диск улоқтириш баҳсида қатнашган Ҳамдамова 31.46 метр натижа қайд этди. Ушбу дастурда қатнашган бошқа ҳеч қайси спортчи бу кўрсаткичга яқин кела олмади ва Ҳамдамова Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.

Пара-дзюдочимиз Нафиса Шерипбаева 63 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. У ўз устунлигида кечган беллашувда иппон баҳоси билан ғалаба қозонди.

Пара-дзюдочимиз Феруз Саидов делегациямизнинг муваффақиятли юришига муносиб ҳисса қўшиб, беллашувда олтин медални қўлга киритди. 73 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган вакилимиз иппон баҳоси билан Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.

Пара-пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида 61 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Рўза Қўзиева 130 кг тошни бўйсундирган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди.

Пара-енгил атлетикачимиз Нурхон Қурбонова эса ядро улоқтириш баҳсида бронза медалига сазовор бўлди. F54 тоифасида кечган баҳсда Қурбонова 7.77 метр натижа қайд этиб, шахсий кўрсаткичини ҳам янгилади. Шу билан бирга ушбу натижа унга бронза медалини ҳам тақдим қилди. Нурхон Қурбонова иккинчи медални қўлга киритди Аёллар ўртасида найза улоқтириш баҳсларида қатнашган ҳамюртимиз Нурхон Қурбонова кумуш медалга ҳам сазовор бўлди.

Пара-енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков олтин медаль соҳиби бўлди. Ядро улоқтириш дастурида ўзбекистонлик спортчи 16:13 метр натижа билан энг яхши кўрсаткични қайд этди.

Токио-2020 Паралимпия ўйинлари қаҳрамонлари орасида пара-енгил атлетикачимиз Нозимахон Қаюмованинг иштироки ҳам таҳсинга лойиқ. Рио-2016 да чемпионликка эришган Қаюмова Токиода ҳам ўз тоифасида найза улоқтириш баҳсида тенгсиз эканлигини исботлай олди.

Пара-енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида ҳамюртимиз Бобуржон Омонов Паралимпия рекордини янгилаган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Бобуржон 14.06 метр натижа қайд этди.Таъкидлаш керакки, бу борада жаҳон рекорди ҳам айнан Омоновга тегишли. Бобуржон БААда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 14.31 метр натижа билан дунё рекордини ўрнатган эди.
Паралимпия ўйинларида пара-дзюдочимиз Шариф Ҳалилов ўз номини совриндорлар қаторига яна бир бор ёздириб қўйди. 100 кг вазн тоифасида курашган полвонимиз бронза медали учун кечган курашда иккинчи бор Паралимпия ўйинларининг медалига сазовор бўлди. Ҳамюртимиз бундан аввал Лондон-2012 Паралимпиадасида кумуш медални қўлга киритганди.

Пара-дзюдочимиз Довурхон Кароматов ҳам Токио-2020 Паралимпия ўйинларида 81 кг вазн тоифасида навбатдаги кумуш медалини тақдим қилди.

Паралимпия ўйинларида пара-енгил атлетиканинг аёллар ўртасида ядро улоқтириш бўйича финал баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Сафия Бурханова 14.78 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди. Таъкидлаш керакки, бу мавсумдаги энг яхши натижа сифатида ҳам қайд этилди. Эслатиб ўтамиз, Сафия Бурханова Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш медалини қўлга киритган эди.

Пара-сузувчимиз Шоҳсанам Тошпўлатова Токио-2020 Паралимпия ўйинларида делегациямизнинг 15-медалига муаллифлик қилди. Ҳамюртимиз 200 метр масофага кечган комплекс сузиш дастурида бронза медалини қўлга киритди.

Пара-таэквондочимиз Гулжаной Наимова жамоамиз учун Токио-2020 Паралимпия ўйинларига чиройли якун ясаб берди. Ҳамюртимиз Бразилия вакилига қарши кечган баҳсда ғалаба қозониб, олтин медаль соҳибасига айланди. Шиддатли кечган жангда Наимова ўзининг аниқ ва ишончли ҳаракатлари билан рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва делегациямиз ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим қилди.
Шу тариқа, Токио-2020 Паралимпия ўйинларини Ўзбекистон делегацияси 19 та медаль билан якунлаган бўлса, унинг ўн бир нафари спортчи қизларимизнинг ғалабасидир. Саккиз нафари спортчи йигитларнинг меҳнатидир. Бу рақамлар мамлакатимизда гендер тенгликка берилаётган эътиборнинг самарасидир десак арзийди.

Энг қувончлиси, паралимпиячиларимиз ҳам ўз ғалабалари билан Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб совға армуғон қилишди. Спортчиларннг орзулари, келажакка ишончи улуғвор! “Токио-2020” мусобақасининг икки медали соҳибаси Нурхон Қурбонова ўз туйғуларини келажакка ишончини шундай ифодалайди:
– Олимп чўққисини забт этиш ҳар бир спортчининг орзуси. Иккала медалларга ҳам осонликча эришишганим йўқ. Бу сермашаққат меҳнатим, яқинларимнинг матонат сари ундаши ва мураббийларимнинг аниқ кўрсатмалари эвазига келган ғалаба, натижа. Албатта, олтин медаль барча медаллардан устун. Насиб қилса Парижда ўтадиган Паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритаман ва шунга ҳаракат қиламан. Ахир, ҳаракатда баракат дейдику халқимиз.

Матонатли, жасоратли ушбу спортчиларимизнинг ҳар бирини ва уларнинг оиласини, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасини, Миллий Паралимпия қўмитасини ва барча спорт иштиёқмандларини қутлаб, эзгуликлар тилаб қоламиз.

GUJUM. UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.