Паралимпиячилар ғалабаси – катта жасорат ва қаҳрамонлик намунаси

0
91
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Тадбирда Миллий паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, паралимпиячиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Маълумки, мазкур мусобақа 24 августдан 5 сентябргача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтди. Унга ёшларимиз 8 та спорт тури бўйича 55 та йўлланмани қўлга киритган эди. Бу шу пайтгача юртимиз спортидаги энг юқори кўрсаткичдир.

 Паралимпиячиларимиз юксак матонат ва маҳорат кўрсатиб, 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлишди. Яна бир эътиборли томони, шу 19 та медалнинг 11 тасини спортчи қизларимиз қўлга киритди.

Умумий ҳисобда мамлакатимиз терма жамоаси 160 дан зиёд давлатлар ўртасида ўн олтинчи, Осиё қитъаси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.

Маросимда Президентимиз барчани спортчиларимизнинг ана шу  улкан ғалабаси билан муборакбод этди.

Давлатимиз раҳбари мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни номма-ном эътироф этиб, уларнинг мураббийлари ва  ота-оналарига ташаккур айтди.

– Сизлар эришган ютуқлар тинимсиз жисмоний машқлар билан бирга, кучли руҳий тайёргарлик, мустаҳкам ирода ва пок ният самарасидир, – деди Шавкат Мирзиёев. – Улуғ мутафаккир бобомиз Ҳаким Термизий айтганларидек, “Инсон бирон нарсани йўқотса, қайғурмаслиги керак. Фақат ниятни йўқотса, қайғуриши керак. Чунки ҳар қандай хайрли иш пок ният билан ижобат бўлади”.

Юртимизда спортчиларни тайёрлаш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Олимпиада қатори Паралимпия ўйинларига ҳам пухта тайёргарлик учун барча шароитлар яратилди. Унда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизга автомашиналар ва пойтахтимиздан квартиралар ажратилди. Президент фармонига мувофиқ, барча иштирокчилар ва уларнинг мураббийлари пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Президентимиз эришилган натижаларни мустаҳкамлаб, янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига ҳозирданоқ аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни спортга кенг жалб этиб, паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, иқтидорлиларни саралаб, тарбиялаш, хориждан тажрибали мутахассис ва мураббийлар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.   

Спорт таълими масканларида паралимпия бўйича бўлимлар ташкил этилиб, қўшимча квоталар ажратилиши, махсус ўқув дастурлари ва методика жорий қилиниши айтилди.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш институтини ташкил этиш вазифаси қўйилди.  

Паралимпиячиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, дори-дармон билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бу йўналишни қишки спорт турлари бўйича ҳам ривожлантириш, “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этиш таклифини билдирди.

– Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади, – деди Президент.

Паралипиячиларнинг ҳаётини, ютуқ ва зафарларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

– Улар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХVI ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.