«Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш

0
147
марта кўрилган.

Тошкент яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда. 2022 йил, 8-9 сентябрь кунлари пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити бўлиб ўтяпти.

Парламентлараро иттифоқ 200 га яқин мамлакатларнинг парламентларини бирлаштирган бўлиб, у мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланади.

МДХ мамлакатлари орасида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган мазкур саммитда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор халқаро парламент ташкилотларининг аёл раҳбарлари иштирок этмоқда.

8 сентябрь куни  «Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш» мавзусида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити ўз ишини бошлади. Тошкент саммитида 19 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нуфузли анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатларини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

«Бундай форматдаги учрашув Ўзбекистон Республикасида илк бор ўтказилмоқда. Буни мамлакатимизда, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи деб биламиз», дейилади давлатимиз раҳбарининг мурожаатида.

Президентимиз Парламентлараро иттифоқнинг кўп форматли майдони халқаро кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларга самарали ечим топишга хизмат қилишига ишонч билдирди ҳамда саммитнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият ва муваффақиятлар тилади.

Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммитининг илк кунида иштирокчилар тенглик, инклюзивлик ва атроф муҳит муҳофазасига асосланган барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан иқтисодиётни тиклаш, қизлар ва аёлларнинг, шу жумладан репродуктив саломатлик соҳасидаги заифлигини камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳамда COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича энг яхши амалиётларни муҳокама қилдилар.

Куннинг иккинчи ярмида давом этган иккинчи сессияда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларни рағбатлантириш, миллий ва халқаро миқёсда рақамли тафовутни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ташаббуслар, шунингдек, парламентларнинг аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернет оламида тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.