Пойтахт ва Тошкент вилояти туманлари ҳудудларини ўзгартириш масалалари кўриб чиқилди

0
98
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ернинг ҳисобини аниқ юритиш ва ундан самарали фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилишлар қилиш ҳолатларининг олдини олиш, туман ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини тўғри белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари таркибида тузилган ишчи гуруҳ томонидан бу масалада аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг ер майдонлари, уларнинг ўзаро чегара ҳудудларининг жойлашуви чуқур таҳлил қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумки, Тошкент вилоятининг 5 та тумани – Зангиота, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари айрим маҳаллалари Тошкент шаҳрининг катта ҳалқа йўли ичига кириб қолган.

Мисол учун, Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қарашли Хонобод маҳалласи пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари орасида, ёки Тошкент шаҳрига қарашли Улуғбек шаҳарчаси тўлиқ Тошкент вилоятининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларида ҳам кўплаб номутаносибликлар мавжуд.

Шу боис, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳардан Тошкент вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтимизга 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган.

Тақдимотда ушбу таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.

Пойтахтимиз аҳолиси изчил ўсиб, шаҳар инфратузилмаси ривожланиб бормоқда. Улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, янги мавзелар пайдо бўлмоқда. Масалан, биргина Сергели туманида охирги 3 йилда 460 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди. Булар бошқарувни такомиллаштиришни, аҳолига қулайликлар яратишни тақозо этади. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш масаласига тўхталиб ўтган эди. Шунга мувофиқ, ишчи гуруҳ томонидан Сергели туманидан 1752 гектар, Бектемирдан 267 гектар, Зангиотадан қарийб 328, Қуйи Чирчиқдан салкам 129, Янгийўлдан 263, Ўрта Чирчиқдан 1346 гектар ажратиб, Янги ҳаёт туманини жами 4085 гектарда ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Янги ҳаёт тумани ташкил этилиши муносабати билан Тошкент шаҳри туманлари чегарасининг ўзгариши тўғрисида ҳам тақдимот қилинди. Шунингдек, Янги ҳаёт туманида лойиҳалаштирилаётган бунёдкорлик ишлари, туманнинг маъмурий марказини ташкил этишга оид таклифлар кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Мутасадди раҳбарларга юқоридаги масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.