Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси имконияти чекланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар орасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш орқали жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, ҳаётга қизиқишини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида инсонпарварлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли қарори бунда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ паралимпиячиларимиз халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда, Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.
Шу кунларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида жойлашган имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернатлари ва коллежи тарбияланувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича бир қатор спорт мусобақаларини ўтказмоқда.
Жумладан, Бобур номидаги Тошкент марказий эко боғида 100-сонли имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернати ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари ўртасида спорт марафонини ўтказилди. Мазкур марафонда 80 нафарга яқин бола совринли ўринлар учун куч синашди.
Мусобақа давомида иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида элимиз суйган санъаткорлар ўзларининг чиқишлари ва болажонларга билдирган тилаклари билан барчани ҳушнуд қилдилар. Тадбир cўнгида мусобақа ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.