Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Туманда 218 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Узоқ вақт қурилишга эътибор бўлмагани туфайли одамларнинг уй-жойга эҳтиёжи юқори эди. Шу боис охирги йилларда бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, туманнинг Гулистон маҳалласида ўтган йили 7 та кўп қаватли уй қурилган эди. Бу йил 61 та шундай турар жой барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Маҳаллада инсонлар учун керакли ҳамма ижтимоий объектлар қулай жойлашган. Фуқаролар йиғини биноси, ёшлар учун коворкинг маркази, савдо ва маиший хизмат мажмуаси ёнма-ён. 420 ўринли мактаб, 150 ўринли боғча, оилавий поликлиника, маданият уйи, спорт мажмуаси барпо этилган. Кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончалари ташкил қилинган.
Ҳудуд замонавий инфратузилма билан таъминланган. Ички йўллар асфальтланиб, атроф ободонлаштирилмоқда.
Гулистонликлар тадбиркорлик, паррандачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Маҳалла яқинидаги кичик саноат зонаси, юз гектардан зиёд иссиқхоналар бунинг учун қулай шароит яратган. Уйма-уй юриб, муаммолар ўрганилиши натижасида 205 нафар ишсиз фуқаро кичик саноат зонасига, юзлаб ёшлар иссиқхона мажмуасига ишга жойлаштирилган.
Президент шу ерда маҳалла фаоллари, бағдодлик нуронийлар билан суҳбатлашди.
– Ҳудудларимиз шундай ривожланаётгани, одамлар уйли, ишли бўлаётганини кўриш менга хурсандчилик бағишлайди. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас, деган гап бор халқимизда. Ўзим ҳам кўп йиллар мусофирчиликда яшаб, ишлаб, уйсизлик азобини ҳис қилганман. Ҳозир ҳам одамларнинг муаммосини юрагимдан ўтказиб, уларга ечим топиш учун ўзимни қийнайман. Шунинг учун ҳамма жойда уйлар қураяпмиз, мамлакатимиздаги ҳар бир оила уйли-жойли бўлсин, деб ҳаракат қилаяпмиз. Фуқаролар манфаати – менинг манфаатим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги янги уйлардан бирига кўчиб келган Абдуқаҳҳор ота ва Ойзода ая хонадонида бўлди. Улар тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказган.
Кўпни кўрган бу инсонлар билан ёшлар тарбияси, бугунги таълим ва тадбиркорлик имкониятлари, тинчлик ва шукроналикнинг аҳамияти ҳақида самимий суҳбат бўлди.
Ушбу маҳалла намунаси асосида, Ёзёвон, Олтиариқ ва Фарғона туманларида ҳам 4-5 минг хонадонли “йўлдош” шаҳарчалар бунёд этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.