Президент Чортоқда туризмни ривожлантириш ва экологик шаҳар барпо этиш бўйича топшириқлар берди

0
136
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманида барпо этилаётган «Чортоқ ресортс» санаторий-соғломлаштириш маркази билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудуднинг хусусияти ва имкониятидан келиб чиқиб, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратишга оид топшириғига асосан комплекс ишлар амалга оширилмоқда. 

«Чортоқ ресортс» санаторийси қурилаётган адирлик ҳам яқин-яқингача қаровсиз жой эди. Маҳаллий тадбиркор ва хорижий инвесторларнинг жами 25 миллион долларлик сармояси эвазига бугун бу ерда 15 гектардан зиёд майдонда замонавий оромгоҳ бунёд этилмоқда.

Бу вилоятда тиббиёт туризми ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очади. Санаторийнинг йод, бром, табиий радон ва бошқа минералларга бой шифобахш суви таянч-ҳаракат аъзолари, юрак-қон томир ва асаб тизимлари, эндокринологик ва тери касалликларини даволашда яхши самара беради. Оромгоҳ 230 ўринли бўлади. 250 киши иш билан таъминланади.

Марказга ушбу ихтисосликлар бўйича энг малакали шифокорларни жалб этиш, шартнома асосида германиялик мутахассислар иштирокида тиббий кўриклар ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳозирда даволаш ва ётоқ бинолари, оилавий дам олувчилар учун коттежлар, стандарт ва люкс хоналар бўладиган меҳмонхона барпо этилган. Ҳовли ва йўлакларни ёритиш учун қуёш панеллари ўрнатилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, оромгоҳда иппотерапия йўлга қўйилади. Бу таянч-ҳаракат аъзолари ва кичик тос касалликларини даволашга ёрдам беради.  Шу мақсадда ҳозирда отхона, очиқ ва ёпиқ манежлар қурилмоқда.

Шунингдек, сой сувидан самарали фойдаланиб, балиқ етиштириш мақсадида тўртта ҳовуз барпо этилган. Уларда санаторий ошхонаси учун балиқ боқиш билан бирга дам олувчиларнинг балиқ тутиб, ҳордиқ чиқариши учун ҳам шароит яратилади.

Президентимиз ушбу соғломлаштириш марказида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Чортоқда яна кўплаб санаторийлар ташкил этиш, уларни арзон, ўрта ва қиммат тарзда таснифлаш орқали аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш, рақобатни таъминлаш орқали хизмат нархини тушириш бўйича топшириқлар берди. 

Бизнинг минтақамизда йод танқис. Шу жиҳатдан Чортоқнинг йодга бой суви халқимиз учун жуда фойдали. Лекин бу жойни кўпчилик билмайди, баъзилар йўл узоқлигидан қийналади. Шунинг учун мамлакатимизнинг ҳамма жойидан, биринчи навбатда, Қорақалпоғистон ва Хоразмдан одамларни бу ерга олиб келиш керак. Халқимиз, айниқса, болаларимизнинг саломатлиги биз учун энг муҳими. Иқтисодиётни ривожлантириш учун ҳам соғлом зурриёд керак, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари “Chortoq mineral water” масъулияти чекланган жамияти қувватини кенгайтириш лойиҳаси билан танишди. Шишага сув қадоқлашни йилига 20-30 миллион донагача ошириб, уларни юртимиздаги барча боғчалар, ёзги оромгоҳлар, шифохоналар, ижтимоий дорихоналар, супермаркетларга етказиб бериш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ерда Чортоқ шаҳрини экологик шаҳарга айлантириш, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўрта шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Чортоқ марказини қайта қуриш, Наманган аэропортини кенгайтириш ва шаҳарлараро автобуслар қатновини тартибга солиш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида аҳоли бандлигини таъминлаш каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.   

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.