Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берилмоқда Prezident.uz сайтида.
Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.
Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мамлакатимизни модернизация қилишнинг устувор вазифалари барча соҳа ва тармоқлар қатори кино санъатини ҳам такомиллаштириш, соҳа учун янги имкониятлар яратишни талаб қилмоқда. Шу мақсадда Президентимизнинг шу йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда кино санъати ва киноиндустриясини изчил тараққий эттириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Йиғилишда киноижодкорларимиз бундай шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга кўмаклашадиган, бой тарихимиз, буюк аждодларимизнинг бетимсол жасорати, замондошларимизнинг фидокорона меҳнатини акс эттирадиган фильмлар кўриш ҳақидаги орзуларини амалга ошириш йўлида барча куч ва имкониятларини ишга солишлари лозимлиги таъкидланди.
Президентимиз соҳа олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари, тажриба ва малака оширишини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва уни тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Жумладан, вилоятларимизда маданият ва санъат коллежлари, пойтахтимизда эса Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Нукус ва Қўқон шаҳарларида унинг филиаллари фаолиятини такомиллаштириш, кино соҳаси учун сценарист ва режиссёрлар, оператор ва актёрлар тайёрланаётган бу таълим даргоҳларининг илмий ва ижодий савияси, ўқув дастурлари ва методикасини замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Яна бир муҳим масала – ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 1996 йилга қадар мамлакатимизда мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилган. Уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айлантирилиб, фаолияти буткул ўзгартирилган ёки бузиб ташланган. Бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида, 65 таси жиддий таъмирталаб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмайди.
Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, вилоят ва туманларда кинотеатрлар фаолиятини қатъий йўлга қўйиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, кинопрокат тизими ҳам қониқарсиз экани, бу яратилаётган фильмларни мунтазам намойиш этиб бориш, бошқача айтганда, аҳолига кино хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш имкониятини чеклаб қўяётгани танқид қилинди.
Бугунги кунда хусусий киностудиялар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Буни ижобий ҳол сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ соҳа бўйича профессионал билимга эга бўлмай, ўқиб-ўрганмай, ҳақиқий устоз тарбиясини олмай, бу соҳада кутилган натижага эришиш мумкин эмаслиги, бунинг учун алоҳида тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат томонидан бериладиган ижодий грантлар учун ўтказиладиган танловларда хусусий студияларнинг иштироки ўзига хос соғлом ижодий рақобатни юзага келтиради, деди давлатимиз раҳбари. Рақобат бор жойда албатта ривожланиш, янгилик бўлади. Миллий киномизнинг тараққиёти учун бу ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида барча соҳалар қатори миллий киноиндустриямизни ҳам инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Йиғилишда соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, кинематография соҳасини ривожлантириш борасида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, хорижий киностудиялар ва киноижодкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда фильмлар яратишни йўлга қўйиш ғоят муҳим экани қайд этилди.
Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, деди пировардида давлатимиз раҳбари.