Президент: Оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир

0
149
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукус шаҳрига ташриф буюрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича муҳокамалар жараёни кетмоқда. Аслида, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Шунга қарамай, Президентимиз бу борадаги қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.

Лекин, айрим жойларда масаланинг моҳиятини талқин қилишда тушунмовчилик ҳолатлари ҳам учради. Жумладан, лойиҳада кўзда тутилган Қорақалпоғистон Республикасига оид айрим нормаларга бир гуруҳ шахслар томонидан норозилик билдирилди. Бунинг оқибатида 1 июль куни Нукус шаҳрининг марказий кўчаларида намойишлар уюштирилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини ноқонуний эгаллашга уриниш ҳаракатлари содир этилди.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрига етиб келиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар Ватанимизнинг бугунги ва келажак ҳаёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масала экани, муҳокамаларда кўпмиллатли халқимиз кўплаб таклиф ва тавсияларини билдираётганини таъкидлади.

Тартибга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги эълон қилинган қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилади. Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилади. Кейин эса мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиб, фуқароларимиз эркин овоз бериш орқали ўзларининг бу масала бўйича хоҳиш-иродасини ифода этади. Шундан кейингина Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний тусга киради.

– Янгиланаётган Конституциямизни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этади. Бу борада фақат халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз, – деди Президент.

Халқимиз ҳукмига ҳавола этилган мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси ҳали қабул қилинмаган, умумхалқ муҳокамасига қўйилган, холос. Шу боис давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистоннинг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади.

– Такрор айтаман: ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир. Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам айнан мана шундан иборат. Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни албатта биргаликда қурамиз, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. 

Мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар, муҳокамалар, ҳеч шубҳасиз, демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши қайд этилди.

Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилиши, “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани амалда таъминлаш учун куч ва имкониятлар етарли экани таъкидланди.

Президент барча юртдошларимизни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, халқимизнинг оғизбирчилигини қўллаб-қувватлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.