Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон шаҳрида ўтаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 14 сентябрь куни Фарғона вилоятига жўнаб кетди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ташриф давомида, шунингдек, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида саноатни комплекс ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишиш, ишлаб чиқариш корхоналарини кўздан кечириш, тадбиркорлар, зиёлилар билан учрашиш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташрифини «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидан бошлади.
Бу ерда дастлаб Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Жумладан, келгуси уч йилда бу икки шаҳарга халқаро молия институтларининг 1 миллиард 354 миллион долларлик имтиёзли кредитлари йўналтирилиши режалаштирилган. Бу маблағ учта йўналишда – саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилма объектларини модернизация қилиш ҳамда кўп қаватли уй-жойлар қуриш соҳаларида ўзлаштирилиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари уй-жойлар қурилишига оид лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа қилиш зарурлигини таъкидлади.
– Аввало, қаерда қийинчилик борлигини ўрганиш, одамларнинг фикрини олиш керак, – деди Президент. – Аҳоли қачон қайси ҳудудда қурилиш бўлишини билсин. Уй-жой билан иш ўринлари мутаносиб бўлиши зарур. Фарғоналикларнинг ҳунармандчилик анъаналари, ҳудуд имкониятларини инобатга олиб, чарм-пойабзал, чинни, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги корхоналар ташкил этиш мумкин.
Шавкат Мирзиёев «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси салоҳияти, корхоналар фаолияти билан танишмоқда.