Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Рақамли бошқарув марказида “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди. Маълумки, бу стратегияда мамлакатимизни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш мақсади белгиланган. Бу давлат бошқаруви ва соҳаларни рақамлаштириш, алоқа инфратузилмасини яхшилаш, IT таълимни ривожлантириш каби кўп омилларни талаб этади.
Охирги йилларда ушбу йўналишларда катта ўзгаришлар бўлди. Ахборот технологиялари субъектлари учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар натижасида бундай корхоналар ва иш ўринлари сони, хизматлар экспорти ортиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, ҳозирда 1 минг 600 тага етган. Иш ўринлари ҳам қисқа вақтда 10 баравар кўпайиб, 24 мингтадан ошган. 2017 йилда 600 минг АҚШ доллари бўлган экспорт ҳажми жорий йил якуни билан 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
My.gov.uz ягона портали орқали бугунги кунда 8 миллиондан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлар 570 турдаги онлайн хизматдан фойдаланмоқда.
Ижро интизоми ягона тизими — ijro.gov.uz орқали давлат идоралари ва уларнинг қуйи бўғинлари ходимлари томонидан 28 миллионта ҳужжат электрон айрибошланган.
Президентимиз бу тизим раҳбарларнинг онги ва масъулиятини ўзгартирганини таъкидлаб, ҳужжатлар интеграцияси ва сифатини яхшилаш, ижро интизоми назоратини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
2022 йилда БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида мамлакатимиз 18 поғона юқорилаб, 69-ўринни эгаллади. 2030 йилга бориб, ушбу рейтингда биринчи ўттизталикка кириш бўйича йиллик чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда IT инфратузилмани ва венчур бозорини ривожлантириш, “local to global” тамойили орқали маҳаллий корхоналарни экспортга олиб чиқиш, юртимизда халқаро компанияларнинг офисларини очиш каби кўплаб чоралар кўзда тутилган. Шу мақсадда икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, IT-park ҳудудида Англия ҳуқуқини жорий этиш, резидентлар учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш, умуман, бу соҳага 100 йиллик қулайлик яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари мамлакатимизнинг ахборот технологиялари, туризм, инвестиция салоҳиятини мужассамлаштирган яхлит имижини яратиш бўйича кўрсатма берди.
Тақдимотда соҳага ихтисослашган таълим тўғрисида ҳам ахборот берилди. Сўнгги 3 йилда IT ўқув марказлари сони 300 дан ошди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олиб, сертификатга эга бўлган ёшлар сони 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этди. Ўтган йилдан бошлаб халқаро IT-сертификатларга ўқиш харажатларини 50 фоизгача қоплаб бериш йўлга қўйилди. 215 минг нафар ёшлар халқаро онлайн курсларни битириб, сертификат олди.
Буларни давом эттирган ҳолда, келгуси йилдан бошлаб, ҳар йили 5 минг нафар иқтидорли ёшларни саралаш, ўқитиш ҳамда ҳалқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизими жорий этилади. Хоразм вилоятида “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида ўқитиш бошланади. Умуман, IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни халқаро компаниялар талабига мос дастурлар асосида тайёрлаш ва иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Шу ерда космик геоахборот тизими орқали сув омборлари ҳамда ер қаъридан фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиш дастури ҳақида маълумот берилди.
Президент вазирликнинг “UZINFOCOM” ягона интегратори офисида яратилган шароитларни кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.
— Сизлар ҳозирги ислоҳотларда бизнинг энг ишонган кучимиз. Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат ривожланмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда сунъий интеллект асосида биометрик идентификация қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, электр таъминоти биллинги бўйича ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳалар, айниқса, тиббиёт соҳасининг рақамли тизимини такомиллаштириш, одамларни рози қилиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимизга Самарқанд вилояти Нуробод туманида ташкил этилган “IT Village” ҳақида сўзлаб берилди. Бу мажмуа 1-9 синф ўқувчиларини ахборот технологиялари билан таништириш ва бунга қизиқтириш, уларга илк кўникмаларни ўргатишга қаратилган.
Давлатимиз раҳбари бундай мажмуаларни барча ҳудудларда барпо этиш бўйича топшириқ берди.