Президент Шавкат Мирзиёев Ромитан туманидаги “BCT Cluster” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди

0
242
марта кўрилган.

Қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар доирасида мазкур корхона учун 8 минг гектар ер ажратилган эди. 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланиб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина 2018 йилда 20 минг тоннадан зиёд хомашё етиштирилиб, уни қайта ишлаш натижасида 61,5 миллион долларлик даромад олинди.

Эътиборлиси, корхонага дастлаб қарийб 75 миллион доллар инвестиция йўналтирилган эди. Яъни, сарфланган маблағ бир йилдаёқ ўзини салкам оқлади. 

Яна бир жиҳати: шунча пахта тола сифатида сотилганда 11,5 миллион доллар бўларди. Қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотилганда 50 миллион ёки 6 баробар кўп қўшимча қиймат яратилган.

— Мана, кластерлар қандай бўлиши керак. Тадбиркорда манфаатдорлик ҳисси, янгича дунёқараш бўлса, албатта натижа қилади. Иқтисодиёт ишласа, ижтимоий соҳаларниям «тортади». Кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Энг катта мақсадимиз мана шу, — деди Шавкат Мирзиёев.

Умуман, кластер пахта хомашёси етиштириш, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларгача бўлган 8 та лойиҳани ўз ичига олади. Ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, уларни бўяш, тайёр кийим тикиш фабрикалари қурилиши давом этмоқда.

Шунингдек, ёғ-мой заводи, чорвачилик комплекси ва озуқа ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Шу ерда Бухоро вилоятида пиллачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, фермер хўжаликларини ёқилғи ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид ишлар ҳақида маълумот берилди. Президентимиз томорқа ерлардан самарали фойдаланишга оид режаларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳолига амалий кўмак бериш зарурлигини, бу озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги ва арзонлигини таъминлашда муҳимлигини таъкидлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.