Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод тумани раҳбарлари, маҳалла раислари, тадбиркорлар, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
— Сизлар билан, халқ орасида юриб, ислоҳотларимизни амалга ошираётган одамлар билан суҳбат қилиб, мавжуд муаммо ва масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилгани келдим. Шунинг учун ёдланган гапларни гапирмасдан, кўпроқ савол бериб, таклифларингизни айтсангизлар, хурсанд бўламан, — деди Шавкат Мирзиёев.
Яшнобод туманида 18 мингдан зиёд иқтисодий фаол аҳолига иш ўринлари зарурлиги, бандликни ошириш учун тадбиркорликни жадал ривожлантириш кераклиги қайд этилди.
Ўтган йили туманда инвестициялар 1,3 баробар, саноат 12 фоиз, қурилиш 26 фоиз, хизмат кўрсатиш 28 фоиз ўсган. 445 миллиард сўм сармоя ҳисобидан 16 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган.
2020-2022 йиллар учун қиймати 8,5 триллион сўм бўлган 61 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.
Кичик корхоналар ташкил этиш учун туманда резерв ва имкониятлар етарли экани, маҳалла институти бу борада фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.
Мактабгача таълим муассасаси қуриш, мактабларни капитал таъмирлаш, замонавий клиникалар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, одамларни кўпроқ дорига эмас, балки тўғри овқатланишга, спортга ўргатиш бутун жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги қайд этилди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
— Яшнобод ўз номига муносиб яшнаб туриши, қуйи тизимда ишни ташкил қилиш бўйича намуна бўлиши керак, — деди давлатимиз раҳбари.
Очиқ мулоқотда аҳоли ва тадбиркорлар ўз фикр-мулоҳазаларини айтди. Президентимиз билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.