Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни ёшлар билан мулоқот қилди. Видеоселектор шаклида ўтган учрашувда ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида бу учрашувдан мамнун эканини таъкидлаб, ёшларни халқимизнинг олтин фонди, деб атади.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қизлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, интилишларига шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланган. Ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, улар бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этмоқда.
Ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 минг 889 тага етди. “Ёшлар дафтари” орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Илгари олий таълимда битта ўрин учун камида 10 нафар бола кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилгани натижасида энди 42 фоиз ёшлар қамраб олинмоқда. Хотин-қизларга шартнома тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига, уларнинг сони 11 карра кўпайди.
Ўз соҳаларида муваффақиятга эришаётган ўғил-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Биргина мисол – ҳозирги вақтда дунёдаги нуфузли университетларда 1 минг 500 дан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда.
Аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.
Илмий даражали ёш олимларимиз сони ҳам 2 карра кўпайиб, 4 минг нафардан ошди. Мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови иштирокчилари сони 3 миллионга етди.
Айниқса, фарзандларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди. Сўнгги 3 йилда тил ўрганаётган ёшлар сони 2 миллионга етган бўлса, “IELTS” имтиҳонидан юқори балл олганлар 5 карра купайган.
Юртимиздаги ёшлар сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олди.
Учрашувда Президент ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган 3 та муҳим ҳужжат имзолаганини маълум қилди.
Биринчи ҳужжатга кўра, Ёшлар агентлиги ҳузурида жамғарма тузилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилди. Энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади, стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.
Иккинчи қарор билан, олий ўқув юрти битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар йўналтирилиб, уларнинг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича банк хизматлари жорий этилади.
Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади.
Учинчи ҳужжатга кўра, Алоқабанк ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч банкка айлантирилиб, унга 200 миллион доллар берилади. Алоқабанк ўзини ўзи банд қилган ёшларнинг лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратади.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Банк кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.
Маълумки, бу йил салкам 5 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш мўлжалланган. Бунда ёшларнинг катта ўрни бор.
Масалан, томорқа ва даласидан самарали фойдаланиб, камида 100 миллион сўм даромад олган ёшларга соддалаштирилган тартибда ер ажратилади. Саноат ипотекаси орқали тайёр ишлаб чиқариш майдонини олган ёш тадбиркорга имтиёзли шартларда ускуналар ҳам олиб берилади. Хизмат кўрсатиш соҳасида ёшларни ишга олиб, камида 3 миллион сўм ойлик тўлаган корхоналарга ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади.
Креатив иқтисодиёт соҳаларида фаолият кўрсатаётганларнинг 98 фоизи ёшлар. Ўтган йили бу бўйича қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асослари белгиланди.
Энди ҳудудларда ҳам креатив индустрия парклари барпо этилади. Уларнинг резидентларига 2030 йил якунигача имтиёзли солиқ режими қўлланади. Бу борада бизнес мактаблари ташкил қилиниб, бизнес юритиш ҳамда электрон тижорат каби хизмат кўрсатишнинг инновацион усуллари ўргатилади.
Иш топишда хорижий тилларни билиш жуда муҳим. Шу боис чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказлари очган малакали ёшларларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Шунингдек, хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга тўловлари “2+6” ой шаклида қоплаб берилади.
IT соҳасида “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг ёшлар жалб этилади. “Рақамли ижтимоий экотизим”ни жорий этиш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилади.
Камбағалликдан чиқишнинг энг самарали ечими ҳам – бу таълим. Шу боис бундай оилалар фарзанди фоизсиз таълим кредити, қўшимча грант, шартнома тўловига ёрдам орқали ўқишга рағбатлантирилади. Билимга чанқоқ, лекин оилавий шароити оғир бўлган ёшларни хорижда ўқитиш бўйича янги тизим – “Ёрқин келажак” лойиҳаси жорий этилади.
Ёшлар агентлиги хорижда ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлади. Билимли йигит-қизлар дунёнинг “Топ-100” олийгоҳларига юборилиб, ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади. Чет элда ўқиб келганлар миллий кадрлар захирасига киритилиб, давлат органларига танловсиз ишга олинади.
Бундан ташқари, рейтинги юқори халқаро университетларда илмий даража олган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади. Нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлганлар учун бир марталик пул мукофоти миқдори 5 карра оширилади.
Энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура, тиббиёт йўналишларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари кўпайтирилади. Ҳарбий билим юртларининг намунали тингловчилари учун “Олий бош қўмондон” давлат стипендияси жорий этилади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловлар ўтказиш йўлга қўйилади. Ғолиб бўлган битирувчи ёшлар техника олийгоҳларига грант асосида ўқишга киради.
Йиғилишда ёш авлодда миллий руҳиятни шакллантириш, ғоявий хуружлар ва зарарли ахборотлардан асраш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Тарбияси оғир болаларга алоҳида меҳр-эътибор кўрсатиш, ҳаётда ўрнини топишига кўмаклашиш зарурлиги айтилди.
Ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш мақсадида 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Ватан таянчи” ҳаракати бошланди. Унга 300 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Энди бу ҳаракат касб-ҳунар мактаби, техникум ва хусусий таълим ташкилотларида ҳам йўлга қўйилиб, 1 миллион ўқувчи қамраб олинади. Улар ўртасида турли танлов ва мусобақалар ташкил этилади. Шунингдек, маҳаллаларда “Шижоат ва ғайрат” спорт ўйинлари ўтказилади. Ғолиб маҳаллаларга спорт иншооти қурилиб, анжомлар билан таъминланади. “Ватан таянчи” ҳамда “Шижоат ва ғайрат” мусобақалари ғолибларига ҳарбий билим юртларига кириш учун тавсия берилади.
Мулоқотда сўзга чиққанлар мазкур режа ва ташаббуслар ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратиши, уларнинг орзу-интилишларига рағбатлантирувчи куч бўлишини таъкидлашди.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг таклифларини маъқуллаб, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.