Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Хоразм вилоятига келди. Ташрифдан асосий мақсад — ислоҳотларнинг маҳаллабай тизимда йўлга қўйилганини ва унинг одамлар ҳаётидаги ифодасини кўриш ҳамда навбатдаги режаларни белгилаш эди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди. «Red Star Oxus» масъулияти чекланган жамият томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган мазкур иншоот шу йил февраль ойида ишга туширилган эди. Бу мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 7 гектар майдонда гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилмоқда.
Иссиқхонада Нидерландиянинг «Kubo» компаниясида ишлаб чиқарилган «Ultra clima» ноу-хау технологияси келтириб ўрнатилган. Бунинг афзаллиги шундаки, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Бу эса катта миқдорда энергияни тежашга ёрдам беради.
Бундай “бешинчи авлод” технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари Ўзбекистонда.
Шунингдек, иссиқхона тепасига қуёш нурига ўхшаш хусусиятга эга махсус чироқлар ўрнатилган. Бу фотосинтез жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади ва йил мобайнида маҳсулот олиш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратди:
— Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти. Ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, йил давомида етказиб беришни талаб қилади. Шуни таклиф қила олган корхона бозорда ўрин эгаллайди. Бу иш ўрни ва экспортни таъминлаш учун катта манба, — деди Шавкат Мирзиёев.
Иссиқхонада биринчи босқичда 75 киши доимий иш билан таъминланган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида 8 гектар майдонда яна битта иссиқхона қурилади. Уни келаси йил декабрда фойдаланишга топшириш ва яна 150 та иш ўрни яратиш мўлжалланган.
— Бу корхона — драйвер. Бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Хоразм қишлоқ хўжалигининг келажаги шу, — деди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари яна Янгиариқ туманидаги “Yantex Invest” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.
Ушбу корхона бўш ётган бинолардан самарали фойдаланиш, уларни хусусийлаштириб, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг яққол тимсоли бўлиб, Асакабанк томонидан 16 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилиб, бино замонавий қилиб тикланди, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан ускуналар келтириб ўрнатилди.
Бугун бу ерда газлама мато ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 200 дан ортиқ иш ўрни очилган.
Корхона йилига 12 миллион погоно метр газлама мато ва 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга.
Энди ип-газлама тўқиш ҳажмини ошириш ҳамда Урганч шаҳрида матога ранг берувчи корхона очиш бўйича иш олиб борилмоқда. Шу тариқа, иккинчи босқичда матони бўяш, уни қадоқлаш, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишга эришилади.
Шу ерда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Унга кўра, туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.
— Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарсани талаб қиламиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак.
Мутасаддиларга ушбу тизимни ҳаётга татбиқ этиш, Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.