Президентлар музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдирди

0
93
марта кўрилган.

Ўзбекистон ва Германия Президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. 

Ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, парник газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, «Volkswagen» компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Президентимиз ушбу келишувлар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Германиянинг «Integra GmbH» ва «Vamed Engineering GmbH» компаниялари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битим халқимиз учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани, муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.

– Жорий йил январь ойида Берлин шаҳрида ўтган учрашувимизнинг мантиқий давоми бўлган бугунги музокаралар натижаларидан тўла мамнунман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари – сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, келгуси устувор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди.

– Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўсиш рўй бераётганини кўряпмиз ва бунга ҳурмат билан қараймиз. Катта делегациядан иборат ушбу ташрифимиз ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга интилишимиз ва қўллаб-қувватлашимиздан далолат беради. Мамлакатларимиз ўртасида ва Европа Иттифоқи доирасидаги алоқаларга доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилганимиздан, уларнинг натижаларидан мамнунмиз, – деди Франк-Вальтер Штайнмайер. 

Федерал президент учрашувда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган ислоҳотларнинг истиқболлари ҳамда ушбу янгиланишлар Ўзбекистон-Германия муносабатларига бағишлаган юқори суръат батафсил муҳокама қилинганини таъкидлади.

— Бугунги ташрифим Ўзбекистондаги янги сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлашимизнинг ифодасидир. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги, истиқболи порлоқ босқичнинг остонасида турибмиз, — деди ГФР Президенти. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маданий муносабатлар ривожига ҳисса қўшиб келаётган Германия ташкилотлари ва вакилларига миннатдорлик билдирди.

ГФР Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.