Президентнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи асрий алоқаларнинг янги даврига асос бўлди  

0
155
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 16−18 декабрь кунлари Жанубий Кореяга ташрифи икки далат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожининг янги даврини бошлаб берди. Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Жанубий Корея биринчилардан бўлиб мамлакатимиз  мустақиллигини тан олди.

Давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилганидан сўнг қисқа фурсатда икки томонлама муносабатлар стратегик ҳамкорликнинг юксак даражасига кўтарилди. Жабуний Корея каби ривожланган давлат томонидан давлатимиз мустақиллигини тан олиниши халқаро майдонда янги мустақилликка эришган ёш давлат учун ишончли субъект сифатида шаклланишига муҳим омил бўлди, десак муболаға бўлмайди.   Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 29 йил тўлди. Бироқ, бу дўстлик ришталари жуда қадим даврларга бориб тақалади. Икки давлат ўрнасидаги алоқаларнинг ривожланиши учун жуда кўплаб тарихий омиллар мавжуд. Бу Самарқанднинг Афросиёб музейидаги деворий суратларда акс эттирилган корейс элчилари ҳақидаги қадимий миниатюралардан бизга яхши маълум. Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Вьетнам каби давлатлар ҳудудида топилган археологик манбалар, ёзувлар, амалий санъат асарлари асосида динларнинг (буддавийлик, христианлик, монийлик) Узоқ Шарқ мамлакатларига трансформациясида аждодларимизнинг воситачилик вазифасини бажарганлиги сўнгги йилларда олиб борилган тарихий тадқиқотларда ўз тасдиғини топмоқда. Бинобарин, ўзбек ва корейс халқларининг маданияти, менталитети бир-бирига ниҳоятда яқин. Бағрикенглик,  меҳнаткашлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби азалий қадриятларимиз жуда ўхшаш.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд корейс диаспораси вакиллари истиқомат қилади. Ўтган асрнинг 30-йилларида шафқатсиз сиёсий тузум тазйиқи остида ўн минглаб корейслар Узоқ Шарқдан Ўзбекистон заминига келиб қолишган. Ўзбек халқи ўзига хос олижаноблик ва бағрикенглик билан тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган корейсларга меҳр кўрсатди, бағрига олиб, бошпана берган. Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланган. Улар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётир.

Мустақиллик йилларида мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда жадал ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан буён шу кунга қадар Корея билан имзоланган 170 га яқин ҳужжат икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Айни вақтда юртимизда кореялик инвесторлар иштирокида 660 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда.

Қарийб чорак аср муқаддам Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея – Ўзбекистон” парламент дўстлик Ассоциацияси ташкил этилган бўлса, 2005 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Корея Миллий Ассамблеяси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. 1994 йилдан бери эса, савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузилган бўлиб, 2017 йилда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан йилга ижобий ўсиш кўрсаткичларини сақлаб келинганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро ташкилотлар доирасида ҳам БМТ Бош Ассамблеясидаги ташаббус ва резолюцияларни, БМТнинг турли органларига номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали, шунингдек, Осиё минтақавий гуруҳи доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Кейинги йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзолигига (2013-2014 йиллар), Инсон ҳуқуқлари Кенгашига (2013-2015 ва 2016-2018 йиллар), Халқаро ҳуқуқ Комиссиясига (2017-2021 йиллар), БМТнинг Ирқий камситишларни бартараф қилиш бўйича Қўмитасига (2018-2021 йиллар) Жанубий Кореянинг номзоди Ўзбекистон томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Ўз навбатида, Жанубий Корея ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 69-сессиясида қабул қилинган, ҳар икки йилда бир марта кўриб чиқиладиган “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд” тўғрисидаги резолюцияни изчил маъқуллаб келмоқда.

Президентимизнинг Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан 16−18 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга қилган ташрифи кўп йиллик тарихий асосларга эга бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантирди.

Ташриф давомида Сеулда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини ишлаб чиқилиши ҳамкорликнинг янги қирраларини пайдо бўлишига мухим омил сифатида хизмат килади.                                                                   

 Ф.Б.Жуманиёзов, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети  Урганч филиали катта ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.