ҚАДИМИЙ ҲУНАРНИНГ ЯНГИ ҚИЁФАСИ

0
26
марта кўрилган.

Бухоролик Азиза Тожиева анъанавий ҳунармандлик маҳсулотларини интернет орқали халқаро бозорда фаол сотаётган юртдошларимиздан. 24 ёшли тадбиркор кўп асрлик ҳунармандлик ишларига замонавийлик бағишлашда рақамли технологиялардан кенг фойдаланмоқда. У қўл меҳнати намуналарини турли ижтимоий платформалар орқали онлайн сотяпти.

 Давлатимиз раҳбари шу йил 16 январь куни инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида халқаро маркетплейслар орқали маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш учун 2 миллион доллар йўналтирилишини айтди. Демак, даврнинг ўзи қаҳрамонимиз каби иш тутиш, халқаро бозордан ўз ўрнини топиш вазифасини қўймоқда. Азиза Тожиева йўлга қўйган савдо усули маҳаллий маҳсулотларимиз қийматини оширишнинг оптимал ечимларидан.

Азизанинг миллий маҳсулотлар экспорти борасидаги етакчилиги CNN нашрида чоп этилган мақолада эътироф этилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Мақолада юртимизда сўзаначилик жонланиши, ҳунармандларнинг жаҳон бозорига чиқишида замонавий технологиялар муҳим ўрин тутиши ҳақида айтилади. Шунингдек, Марказий Осиё халқларининг асрлар давомида каштачилик билан шуғулланиб келгани ва бу фаолият бугун ҳам давом этаётгани тилга олинган. Ҳақиқатан, Бухоронинг кўпгина қадимий ҳунар турлари бугунгача авлоддан авлодга ўтиб келиши туфайли кўплаб оилаларнинг даромад манбаига айланган. Қаҳрамонимиз кашта тикишни онаси Муҳаббат Қўчқоровадан, Муҳаббат опа эса ўз онасидан ўрганган. Сулоланинг муносиб давомчиси замонга монанд шаклланиб, устозларидан-да ўзаётир. Айни пайтда у кичик тадбиркорлиги ортидан 200 дан зиёд аёлнинг касаначилик орқали бандлигини таъминлаган. Улар шу ишдан оиласига даромад олиб киряпти.

Тадбиркор қизга буюртмаларнинг аксарияти АҚШдан тушса-да, Испания, Италия ва Буюк Британияда ҳам мижозлари бор. Савдо ҳажмининг ўсиши, буюртмачилар талабини таъминлаш оилавий корхонани қишлоқлардаги аёллар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга ундайди. Оддий қишлоқ аёллари ясаган буюмлар эса хорижликлар эътирофига сазовор бўлаётир.

— Ўзбек ҳунармандлари бениҳоя ҳайратимни оширяпти. Каштачилик билан шуғулланаётган хонадонга келиб, ҳунармандларнинг ижод намуналари қўлда яратилаётган мўъжиза эканини англадик. Бундай меҳнатнинг қадрини биладиган бозорни топиш муҳим масала. Шу маънода, биз бу маҳсулотларга қандай қилиб харидор топишни ўргатишимиз, қандай қилиб Япония, Европа бозорига олиб чиқиш йўлларини излашимиз керак. 100 фоиз табиий маҳсулотлар дунёнинг нуфузли брендларига рақобатбардош бўлиши учун бундай тадбиркорлар билан тизимли ишлаймиз. Тавсияларимиз юртингиздаги қадимий ҳунарлар сабаб ясаладиган маҳсулотларга хориж бозорларидан доимий жой топишга ёрдам беришига ишончим комил, — деди Япониянинг Ямага университети ҳузуридаги “Тадбиркорлар учун таълим ва тадқиқот” маркази директори Тадаши Оноредо.

Ҳа, бугун онлайн платформа имкониятлари сабаб ҳунармандлик экспорти географияси ҳам кенгайяпти. Шу боис, қаҳрамонимизнинг ҳунари ортидан қилмоқчи бўлган ишлари, мақсад ва ниятлари жуда катта. Зеро, унинг биргина Etsu саҳифасида ёстиқлардан тортиб, йирик буюмларгача маҳаллий нархдан анча қиммат сотиляпти. Бу эса нафақат Азиза Тожиева, балки барча ҳунармандлар фойдасига, туризм ривожига хизмат қилади.

Ўрни келганида айтиш жоиз, яқиндагина дунёнинг энг нуфузли нашрларидан бири —АҚШнинг “The New York Times” газетаси 2025 йилда ташриф буюришга арзийдиган 52 та жой рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан Бухоро тарихий маркази 22-ўринни эгаллади. Рўйхатда халқаро ва ўзбекистонлик ижодкорлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган биринчи Бухоро биенналеси(икки йилда бир марта ўтказиладиган тадбир) ҳақида батафсил маълумот келтирилган. Тадбир жорий йилнинг 5-20 ноябрь кунлари шаҳарнинг тарихий ҳудудида ташкил этилади ҳамда замонавий санъатга бағишланади.

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси объекти сифатида эътироф этилган бу шаҳар бой тарихи, ҳунармандлар ва шоирлари билан дунёга машҳур. Тадбир меҳмонлари учун қайта таъмирланган карвонсарой услубидаги меҳмонхоналар, мадрасалар ва кўп асрлик ислом меъморчилиги дурдоналари катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда. Ўзбекистон туризмининг кўрки бўлган қадим Бухоро ҳунармандлари айни тадбирда ҳам қўл меҳнати маҳсулларини кенг намойиш этади.

Бухоролик ҳунарманд Азиза Тожиева ҳақида ушбу битикларни ёзаётган пайтимиз наманганлик 8-синф ўқувчисининг кулоллик ишларини дубайликлар сотиб олганидан хабар топдик. Унинг муваффақияти мақоламиз мавзусига боғлиқ бўлгани учун Моҳинисо  Баротбоева ҳақида ҳам қисқача айтиб ўтгимиз келди.

Олти ёшидан буён кулоллик билан шуғулланиб келаётган Моҳинисо Янгиқўрғон туманидаги 36-мактабда ўқийди. Она томондан боболари таниқли ҳунармандлар бўлган. Шу боис, қизда ўзгача дид, ноодатий услуб билан декоратив буюмлар ясаш қобилияти бор. Кулоллик буюмларини ясашда у, асосан, шамотлойидан фойдаланади. Ҳунари орқасидан шу кунгача 20 миллион сўмдан ортиқ даромад топди. Маҳсулотлари билан юзлаб танловда қатнашган Моҳинисо беш йилдан буён “Камалак юлдузлари” танловида биринчиликни бермай келяпти. Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ гавҳари” мусиқа ва санъат танловида “Самарқанд аёллари санъати” номли ижодий иши билан Гран-при соҳибаси бўлди.

Онасига қўнғироқ қилган пайтимиз у “Янги юлдузлар” танлови олдидан интервью бераётган экан. Қизнинг миллийлигимизни акс эттирган ҳайкалчалари дубайлик санъат ихлосмандларига ёқиб қолгани эса ҳаммасидан ҳам кутилмаган ҳолат. Қиз ясаган битта буюм 700 долларга сотилди. Шу тариқа миллий буюмларимизни меҳмонлар ўз ватанига олиб кетди. Улар ўзига ёққан қўл меҳнати намуналарини сотиб олганидан, биз эса амалий санъатимиз, миллий ҳунармандлигимиз дунёга танилаётганидан хурсандмиз.

Яқин келажакда Моҳинисо сингари, Азиза Тожиева каби кўплаб ёш ҳунармандлар онлайн бозорда етакчиларга айланишига ишонамиз.

Муножат МЎМИНОВА, “Янги Ўзбекистон” мухбири

 Сайтимизнинг бугунги меҳмони – қисқа муддатда Ўзбекистон  газета-журналлари орасида ўз ўрнига эга бўлган ”Янги Ўзбекистон“ нашри. Ушбу мақола ”Янги Ўзбекистон “ газетасининг  2025 йил 23 январдаги 16- сонидан олинди. Шунингдек, газетанинг YUZ. UZ сайти ҳам фаолият юритади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.