Қалбим тўридаги дугонам

0
58
марта кўрилган.

Ушбу мақола Хоразм вилоятида чоп этиладиган  «Тўмарис авлоди» журналининг 2024 йил,  8-сонидан олинди.

1963-йил 1-сентабрь. Урганч шаҳридаги 1-сонли мактабнинг олди ўқувчилар билан гавжум. Уч ой давомида бўй чўзиб, қорайиб, соғломлашиб таътилдан қайтган синфдошлар бир-бирларига гап бермай чуғурлашадилар. Улибиби Отажонова (Оллоҳ ўз рахматига олсин) синф рахбари этиб тайинланган 6-«Б» синф ўкувчиларининг хаяжони чексиз. Негаки, сафларига бир гуруx тенгқурлари келиб кўшилган. Улар салгина ётсираб турибдилар. 6-«Б»га 2-қаватдан синф xонаси ажратилган. Демак, юқори синф ўкувчилари каторига кўшилибмиз. Зинапоялардан чопқиллаб чиқиб бораётганимизда жарангдор кулгу овози атрофни тутди. Кўзлари чакнаб турган қиз барчани эътиборини ўзига жалб килганича зафқ-шавқ билан гапирарди. Илк учрашувданоқ мени ҳам диққатимни тортган қиз Раъно Зарипова эди. Раъно билан тезда дўстлашиб кетдик. Умуман янги синфдошлар билан тез эл бўлдик. Улар ўн нафар тартиб-интизомли ўғил-қизлар эди. Урганч шаҳридаги 5-сонли мактаб фақат 9-11 синф ўкувчилари ўкийдиган эксприментал таълим масканига айлантирилганлиги сабабли қуйи синф ўкувчилари бизнинг мактабга ўтказилган эди.

Раъно серфарзанд педогог оиласида камол топди. Отаси Зарипбой ака ва онаси Жамила опа қисқа вақт ичида биз учун ҳам қадрдонга айланишди. Онаси бир пайтлар колхозда бош ҳисобчи бўлиб ишлаган ва фарзандлар кўпайганидан кейин бутун ҳаётини болаларига бағшида этган, гўдакларининг меҳрга қониб вояга етишлари учун жон куйдирадиган аёл эди. Оилавий муҳитнинг соғломлиги Раънонинг борлиғида акс этиб турарди. У сергап, завқка тўлиб кула оладиган, дарсларда, синфдан ташқари ишларда фаол, ўз фикри, дунёкарашига эга, хакикатпарвар, дадиллиги, айниқса, турли xил ўйинларни ташкил қилиши, ташаббускорлиги билан кўзга ташланарди. Фаол ёшларнинг Самарқандда, Тошкентда бўлган республика миқёсидаги тадбирларида қатнашиб, болалигидан ўзлигини топишга интилаётган қиз эди.

Олтинчи синфдан бошлаб ётарлай паxтага чиққанмиз. Ётарлай дегани- бир-икки ой давомида кўрпа-тўшакни елкалаб, колxознинг чекка xонадонларининг бирига қўниб, паxта йиғим-теримида фаол қатнашмоқ дегани. Ўша пайтда пахта терими нима эканлигини англаганмиз. Бўзкалъа кишлоғининг деразалари кичик, паxса деворли эскигина кулбага жойлашганимиз эсимда. Жонимизни жабборга бериб ким ўзарга пахта терардик. Синф раҳбаримиз Уллибиби опа биз билан бирга ётар, бирга овқатланар, теримда ҳам ёнимизда гоҳида у синфдошимизга гоҳида бу синфдошимизга ёрдам бериб теришиб юрарди. У ўз онамиздек меҳри дарё муаллима эди. Теримдан чарчаб қайтиб, синфдошимиз Гавҳар пиширган макаронни еб, керосин лампанинг xира ёруғида қизикарли ўйинларни бошлаб юборардик. Бу борада Раънога тенг келадигани йўқ эди. Ташаббускор, топқир, эпчил эди. Шеърxонликда Раъно иккаламиз бошқаларга гал бермасдик.

Раънонинг чақноқ кўзларини ғамгинлик босди. Шаддод дўстим қисқа вақт ичида сўлиб қолгандек туюлди. Ўзидан икки ёш катта Рўза опаси 17 ёшида оқ қон дардига чалинди. Раъно билан бирга деярлик ҳар куни Рўза опасидан xабар олардик. Унга касаллигини ошкор қилмаганларидан xабардорлигимиз учун нуқул кулдирадиган ҳазиллар топиб гапирардик. Раъно қизик-қизик ҳикоялар айтар, ўзи ҳам кулар, лекин бу кулгулари аввалгидек жарангдор эмасди. Рўза оламдан ўтди. Раъно соғинч, изтироблар исканжасида қолди. Қисқа вақт ичида бизнинг синфдошларга математикадан сабоқ бериб, қадрдон бўлиб қолган опасини xотирлаб қабрига амакисининг автобусида бориб, ўзи ҳаётлигида севган баxмалгулларни қўйиб қайтардик. Айрилиқ азобини эритишда унга шеърлар, бадиий асарлар, синфдошларининг мададкорлиги ёрдам бергандай бўлди.

Юқори синфларда ҳар ким ўз орзусини баён қилишга бошлади. Биз Раъно билан журналист бўлишга ахд килдик. Кейинги икки-уч йил давомида «Xоразм ҳақиқати» газетасида мақолаларимиз, ҳикоя, ҳатто, фелетонларимиз ҳам чоп этилган эди. Хоразм телевидениесига ҳам фаол қатнашмб турардик.

1968 йил. Xоразмдан 17 нафар йигит-қиз ТошДУнинг журналистика факультетига хужжат топширдик. Икки нафаримиз: Раъно ва мен талабалик даражасига эришдик. Биз баxтиёр эдик. Тошкент Давлат университети (бугунги Ўзбекистон Миллий университети) ўша йили янги бинога кўчди. Талабаликка муяссар бўлганлар фаолиятини ҳашар билан бошлашди. Аудиторияларни тозалаб, янги ўқув йилига хозирладик. Қирқ нафар курсдошлар ичида қизлар саноқлигина эди. Ҳали бир-биримизни яxши танимаймиз. Ёши каттароқ курсдошимиз Намоз ака Саъдуллаев иш боши. Унинг Раънони зимдан кузатаётгани менга малол келади. Синф рахбаримиз Уллибиби опа қизларни тўплаб, тез-тез суҳбат ўтказар, ўқишга кирадиган бўлсак, йигитлар назаридан четда юришимизни, уйдан, яқинларидан узоқдаги қиз бола бегона йигитларга эрмак бўлиб қолиш мумкинлигини кўп такрорлар, бизларни эҳтиёт бўлишга чорлар эди. Раъно Намоз аканинг нигоҳларини илғамас очилиб- сочилиб, ўзига юклатилган юмушларни адо этарди.

Дўстим Раъно мактабдаги каби университетда ҳам яxши ўқиди, паxта йиғим-теримида фаол қатнашиб, мукофотлар олди. Унинг ҳар бир фанга чинакамига маъсулият сезиб ёндашиши, мавзуларни таҳлил қилиб ўрганишига тан берардим. Негаки, кўпчилик талабалар имтихондан ўтсам, стипендия олсам бўлди, қобилида иш тутсалар, Раъно мантиқан иш тутувчи эди. Эсимда, бир сейместер яъни  ярим йил араб имлоси ўргатилди. Биз бепарвомиз. Ўрганишга интилмаймиз. Устозимиз xафа. Ўқитувчимиз синов куни тортишиб ўтиришни лозим кўрмай,  доскага араб имлосида ёзув ёзди ва баҳо дафтарчасига тўғри кўчириб олишимизни буюрди, кейин бирин-кетин имзо чекиб чиқди. Раъно, Намоз ака ва яна икки-уч нафар курсдошимиз араб имлосини чуқур ўрганишга киришдилар ва қўшимча икки йиллик курсларга қатнаб, самарали натижаларга эришдилар. Оxирги курсда Раъно билан Намоз аканинг тўйи бўлди. Намоз ака талабалик кезларида амалиёт даврида-ёқ “Совет Ўзбекистони”(бугунги “Ўзбекистон овози”) газетасига ишга жойлашиб кетган эди. Тошкент шаҳрининг марказида янги очилган муҳташам кафедаги тўйга газета жамоаси, синфдошлар, курсдошлар, факультетнинг фаол талабалари, устозлар, Xоразм-у Самарканддан келган меҳмонлар жам бўлишган. Келиннинг дугонаси сифатида ёнида ўтирибман. Тўй чиройли ўтди. Мени койил қолдиргани, ёшлар кўп каватли турар-жойдан ўз уйига эга бўлишганди. Намоз ака билан Раънонинг хонадони Тошкентда юрган курсдошлар-у синфдошлар учун манзил-маконга айланди. Тошкентда ўқиётган синфдош қизлар тез-тез тўпланардик, қизғин суҳбатлар кечарди.

Дугонам Тошкентда қолди. Меҳнат фаолиятини ТошДУ йўлланмаси билан Ўзбекистон телевидениясида муҳаррирликдан бошлади. Ўзбекистон телевидениясида муҳаррир, катта муҳаррир. «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида мухбир, «Сиҳат саломатлик» журналида бўлим муҳаррири «Саодат» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб, «Соғлом авлод учун» журналида бўлим муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари, «Соғлом авлод» газетасида бош муҳаррир вазифаларида ишлади.

У журналистика майдонида фаолиятини оддий мухбирликдан бошлаб ташаббускорлиги, етакчилик фазилатлари туфайли “Соғлом авлод” газетасининг бош муҳаррири даражасига етди. Бош муҳаррир сифатида ташкилотчилик ва ижодий қобилиятини намоён қилди. 2000 йилда оз сонли обуначи билан иш бошлаган «Соғлом авлод» газетаси қисқа вақт ичида республика нашрлари ичида ўз ўрни ва ўз овозига эга бўлди. Оила, оналик ва болалик муҳофазаси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, умумхалк ҳаракатига айлантирилган озод юртимизда ана шу улуғвор вазифани амалга оширишда нашр муносиб ҳисса қўшиб келяпти.

Раънонинг журналистик фаолиятини кузатиб ҳавасим келарди. Дўстим 50 йиллик журналистик фаолиятида жамиятнинг муҳим ва долзарб масалаларини дадил кўтариб чиқишга лаёқатли журналист сифатида элга танилди. У «Давр ва қайта қуриш»(1988й), «Аёл, оила, жамият»(1989й) мавзусидаги туркум мақолалари учун Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг дипломини олди, лауреат бўлди. Озод ва обод Ватанимиз ва миллатимиз истиқлоли ва истиқболига бағишланган республика ижодкорларининг «Энг азиз ва энг улуғ»(1999й), «Аёл буюк зот»(2000й), «Атиргул»(1996й) каби танловларда публицистик асарлари билан иштирок этиб ғолиб бўлди. «Истиқлол: замонамиз қаҳрамонлари» танловида(2007й) «Ўзбекистоннинг ҳар қарич ери бетакрор» публицистик тўплами учун совриндор бўлди.

Мамлакат ижтимоий-маънавий ҳаётининг долзарб масалалари қаламга олинган «Эл эъзозлаган аёллар», «Бойчечак», «Аёлга эҳтиром», «Чашма», «Бола-азиз, она-мўътабар», «Барҳаёт номлар», «Мен гапирай, қулоқ тут болам», номли тўпламларда очерк, бадиа ва ҳикоялари, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: миллий қонунчиликда халқаро стандартларни амалга ошириш масалалари» номли тўпламда ҳуқуқий мавзуда мақоласи чоп этилган.

Айни кунда унинг каламига мансуб асарлар–“Ҳарорат”, “Онагинам”, “Юрт қўшиқлари”, ”Она юртинг – олтин бешигинг“. ”Таржима саъати ва таржимон маҳорати“ каби китоблари уйимизнинг китоб жавонидан Феруз, Огаҳий, Эгам Рахим, Рахим Бекниёз, Рўзмат Отаев, Эркин Самандаров, Эркин Мадрахимов, Курбон Муҳаммад Ризо, Комил Аваз, Улибиби Отаева, Сайёра Самандарова каби ўнлаб xоразмлик шоирлар, ёзувчиларнинг асарлари қаторидан ўрин олди.

Раънонинг тиришқоқлиги, масъулиятлилиги Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди қўйилишига сабаб бўлди. Раъно Зариповага Xонка тумани сайловчилари билан учрашувларга чиққанида ҳамроҳлик қилдим ва касбдошимнинг маърузаларини, эл олдида ўзини тутишини, халқ билан мулоқотини кузатиб кучли етакчи шаxсга айланганини ҳис қилдим. У халқ ишончига сазовор бўлди. Раъножон Зарипова 2004 йилда 101- Хонка сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланди. 2005 йилдан 2010 21 январгача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасида ишлади. P.Зарипова палатада тайёрланаётган қонунлар устида тажрибали ижодкор сифатида иш олиб бориб, ўзининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан қонун лойиҳалари устида ишлашга муносиб ҳиссасини қўшди. Шунингдек, қонунларни аҳолига етказишда ҳам самарали меҳнат қилди. Депутатлик даврида оммавий ахборот воситаларида 200 дан ортиқ ўз чиқишлари билан қатнашди. Уларнинг барчасида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар қаламга олинган.

Ўзбекистон Миллий Тикланиш демократик партияси Тошкент шахар кенгаши раиси (2007-2008 йиллар) ва Марказий кенгашининг аёллар қанотида Хоразм вилояти бўйича масъул депутат сифатида, сиёсий ташкилотнинг эл орасидаги нуфузини ошириш, унинг жойлардаги фаолиятини жонлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган партия ҳаётига оид қатор публицистик мақолалар эълон қилди.

У бир умр давлат муассасаларида ишлаш билан бирга самарали ижод қилди. Унинг муаллиф сифатида журналистик фаолиятининг илк йилларида «Саодат» журналида чоп этилган ҳикоясини ҳамон эслайман. Унда оила психологияси, аёл кишининг рашк туйғулари ва уларни жиловлай олиши, самимийлиги жуда кучли ифода этилган эди. «Саодат» журналида чоп этилган  кейинчалик «Онагинам» тўпламидан жой олган «Оила ҳақида қўшиқ» асари ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унда иккиқат аёлнинг тўлғоқ азоблари тарих силсилалари билан уйғинлаштирилиб тасвирланиши кишини хаёлга толдиради. Қатралардан иборат ушбу туркумда инсоннинг вужудга келиши, тарбияси муқаддас бир ажойибот эканлиги ўзига хос бир тарзда қаламга олинган.

«Ҳарорат» тўпламига кирган «Сабр косасининг чегалари» қиссасида ёш аёлнинг ҳаёти ва тақдири орқали турғунлик йилларининг муаммолари ўзига хос тарзда талқин этилган. «Одамлар орасида» ҳикоясида ўзлигини топишга интилаётган ўзбек қизининг психологияси қаламга олинган. Ундаги ботиний туйғуларнинг ранг-баранглиги кишини ҳаяжонга солади. Миллий қадриятларни авайлаб яшаётган инсон қиёфаси, замонавий аёл образи кўз олдингизда намоён бўлади. «Онагинам» тўпламидаги «Аёл» «Оқ волга» ҳикояларида ҳам муаллиф ўзи яхши билган ўзбек аёли образларини тасвирлаган. Бирида  турғунлик йилларидаги депутат аёл, она ҳамда рафиқанинг ҳаёти, ўй-қарашлари акс этса, иккинчисида фарзанд тарбиясини муқаддас билган  ёлғиз онанинг инсоний қиёфаси, кечинмалари фарзандининг психологияси орқали очиб берилади. Ушбу тўпламга кирган «Имонга зўрлик» ҳикоясида репрессия йилларидаги  ўзбек аёлининг тақдири тасвирланган. Оиласига, эрига, болаларига бўлган садоқатини, ўзлигини асраб қолиш йўлидаги кечинмалари гўзал ифодалаган. Муаллифнинг асарлари билан танишар экансиз, яхлит ўзбек аёли кўз олдингизда намоён бўлади. Асарлар кишини ўйлантиради, фикрлашга даъват этади.

Раъно Зарипованинг “Юрт қўшиқлари” асари қаҳрамонлари орасида Нуроталик оддий чўпон аёли Навватой Жуманазаровадан тортиб, полимерлар кимёси бўйича дунё кимёгарлари орасида донг таратган олима, кимё фанлари доктори, профессор, академик Ўзбекистон Республикаси омбудсмани вазифасида узоқ йиллар ишлаган Сайёра Рашидовагача, олис Хоразмнинг Шовот туманидаги мўъжаз қишлоқлардан бирида қаровсиз биёбонда боғ яратган аёл Сапаргул аядан тортиб, тилшунос олима, филология фанлари доктори, профессор Мақсуда Содиқова, математика фанлари доктори, профессор Маҳзума Тўлаганова, неонтолог шифокор, тиббиёт фанлари доктори Матлуба Азимжонова каби бири-биридан ажойиб замондошларимиз бор.

Ушбу китобдаги очерк ва бадиаларида инсон руҳиятидаги фаслларнинг хилма-хил манзаралари, киши табиатидаги покиза ҳиссий ҳолатлар, латиф ва самимий туйғулар чуқур мушоҳада билан ифода этилади. Р.Зарипова асарларидаги ҳар бир қаҳрамон ҳаёти, тақдири ўқувчи қалбида нурли таассуротлар қолдиради. Республикамизнинг турли бурчакларида яшайдиган қаҳрамонлар турли соҳанинг, турфа касбнинг эгалари бўлса-да, уларни инсонга, диёрга меҳр-муҳаббат ва самимият билан йўғрилган ботиний туйғулари уйғунлаштириб туришини таъкидлайди.

Мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини эркинлаштириш, янгиланиш одимлари ва шиддатларини, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ўз вақтида амалга ошириш кишиларнинг маънавий-ахлоқий камолотига, имон эътиқоди, ғоявий — сиёсий етуклик даражаси ҳамда интеллектуал салоҳиятига боғлиқ. Шунинг учун ҳам асарларида билим ва изланиш, тажриба ва малака, шижоат ва қобилият, янгиликка интилиш ва эзгулик қаҳрамонларнинг асосий фазилати сифатида тараннум этилади.

Ҳар бир очерк, мақола, бадиа, эсседа давлат, жамият, фуқаро муносабатларини уйғунликда акс эттиришга ҳаракат қилгани ижодкорнинг ўзига хос услубларидан бири десак бўлади. Қайси-ки, қаҳрамоннинг фаолияти  билан танишиш жараёнида у ишлаётган соҳа ҳам кўз олдингизда гавдаланади. Қайсики, қаҳрамоннинг зоҳирий ва ботиний кўринишларини, турмуш тарзини ифодалаётганда миллий қадриятларимизни ҳис этамиз. Ижодкорнинг ўзига хос услуби ҳам ана шунда, ҳар бир қаҳрамонни мамлакатимиз халқ хўжалигидаги  бир йўналишнинг гўзал вакили ва вакиласи сифатида кўз олдингизда намоён қила олганлигидадир.

Замонамиз қаҳрамонларининг фаолияти билан танишиб, юртимизнинг фидойи инсонлари, хусусан истиқлол туфайли оламга бўйлаётган ўзбек аёлининг шон- шавкати ҳақида муайян мулоҳазаларга келиш мумкин. Хуллас, қаҳрамонларнинг ҳаёти, турмуш тарзи билан танишиб ҳар бир инсон ҳаёти ва фаолияти битта қўшиқ, битта достон дегинг келади. Шунинг учун ҳам китобнинг номи юрт қўшиқлари деб номланган.

Журналистика ва сиёсат майдонида жавлон уриш билан бирга комил фарзандлар тарбиялаш осон иш эмас. Намоз ака билан биргаликда улар беш фарзандни тарбиялаб эл қаторига қўшгани ва бир қучоқ невараларнинг бобожони моможони эканлиги ҳам таҳсинга лойиқ. Қизлари олий ўқув юртларида муаллима бўлиб ишлашади. Улар докторлик илмий унвонини олиш учун изланишлар олиб боришяпти. Ўғиллари ҳуқуқшунос, тадбиркор ва ота-она касбини ушлагани ҳам бор.

Тажрибали журналист, адиба ва жамоатчи аёл сифатида   элга танилган Раъно Зарипова меҳнаткашлиги ва изланувчанлиги туфайли китобат оламида яна бир гўзал ишга қўл урди. Дўстимнинг шарқшунос қизи Нодира Саъдуллаева билан ҳамкорликда 1309 йилда ёзилган “Қисаси Рабғузий” икки жилдлик асарни қадимий туркийдан замонавий ўзбек тилига ўгиргани серқирра инсон эканлигини ифодалаб турибди.

Мустақиллик шарофати билан Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асари  китоб жавонимиздан ўрин олди. Собиқ советлар даврида ҳаёти ва ижоди ўрганилиши  тақиқланган алломанинг асарларидан ривоятлар, ҳикоятлар  9-синфнинг адабиёт дарслигига киритилди.

Эл орасида қадимдан машҳур бўлган бу асар “Пайғамбарлар қиссаси” ёки “Авлиёлар қиссаси”деб ҳам юритилади. Зеро, асарда Одам Атодан бошланиб, Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарлар ҳақида зикр этилади. Қадимий туркий сўз санъатининг гўзал ва ғаройиб обидасида пайғамбарлар ҳаёти Шарқнинг донишмандлиги ва гўзал афсона-ю ривоятлар орқали акс этган. Асарда эътиқод ва имонга содиқлик, пок ахлоқнинг  баднафслик устидан ғалабаси тасвирланади. Асардаги инсонларни бир-бирларига жабр — зулм қилмай, ноҳақ қон тўкмай, харом- хариш ишларга берилмай шарм-ҳаёни эъзозлаб яшашга ундовчи ўгит ва ҳикматлари  бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини йўқотган эмас. Ушбу асарнинг 1-жилди 2013 йил, 2-жилди 2015 йил чоп этилди. У китобни қўлга олганимда ҳамиша дўстимни алқаб қўяман. 

Гарчи у айни кунда нафақада бўлса-да, ҳамон журналистикага муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Нафақага чиққач, “Соғлом авлод” газетасида лойиҳа муаллифи ва раҳбари сифатида фаолият юритди. 2010-2016 йилларда Олий Мажлис ҳузуридаги фонд томонидан «Соғлом авлод таҳририяти» МЧЖга қарашли «Соғлом авлод» газетаси ҳамда  Soglom. uz сайтига берилган «Инновацион технологияларнинг ёш соҳиблари», «Озод – юрт болалари», «Ўзбекистон болалар нигоҳида», «Soglom. uz сайтида “Бетакроримсан Ўзбекистоним фототанлови» мавзуларидаги грантларнинг муаллифи ва раҳбари сифатида фаолият олиб борди.

2017 йил январдан бугунгача Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола”  аёллар ва ёшларни қўллаб қувватлаш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти бошқаруви раиси ва “gujum. uz” интернет нашри раҳбари срфатида ишламоқда. gujum. uz сайти иш бошлаганида 2000 ўринларда турарди. Айни кунларда 160-220 орасида тушиб- чиқиб туради. 2020 йил сайтнинг мухбири ва бош муҳаррири Ойдин Саъдуллаева Ўзбекистон АҚШ ҳамкорлиги масалаларида ёзилган мақолалари учун  “Олтин қалам” танлови доирасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг мукофотига сазовор бўлди.

Нодавлат нотижорат ташкилоти ва “gujum. uz” сайти Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонд томонидан берилган “Оила маданияти– юрт тинчлиги” мавзусидаги салоҳият кўчма клуби” (2017й. № 46.01/ 32), “gujum. uz” сайтида Аҳил оила мактаби”(2018 йил 53-01/112), “Мини кутубхона – мутола ҳамда тиббий маданиятни юксалтиришнинг янги усули”(2020 йил. 65-01/157-сонли), Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши  ҳузуридаги Жамоат фонди  томонидан берилган “Китобхон маҳалла ёҳуд очиқ осмон остида QR кодли миникутубхона” (70-14/101. сана: 27. 08. 2021 й.) мавзуидаги  давлат  грантларини ҳаётга жорий қилди.

Унинг меҳнати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвонига сазовор бўлди(2004 йил23 август, №49). Ўзбекистон Мустакиллигининг 10 йиллиги, 15 йиллиги ҳамда 30 йиллиги эсдалик нишони билан такдирланган. 2020 йил “Фуқаролик жамиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун” эсдалик нишони, 2021й. “Мўтабар аёл” эсдалик нишонига сазовор бўлди.

Дўстимиз бир умр Тошкентда яшасада ҳеч қачон юртдан, болалик ўртоқларидан узоқлашмади. Xоразмга тўй-маракаларга, синфдошларнинг учрашувларига имкон топиб келишга харакат килади. Мабодо кела олмай қолса, хизмат сафари билан келганида албатта, хабар олиб кетади.

2016-йил 6-март. Биз синфдошлар Раъно Сафарованинг 65 ёшга кирган кунини нишонлашга йиғилдик. Шу куни, 6-мартда Раъно Зарипованинг ҳам туғилган куни эди. Ҳамишагидек, маслаҳатлашиб, қўл телефонини ўртада тутиб, барчамиз бир овозда баралла кичкирдик: «Раъно, Раъножон, туғилган кунинг муборак, бўлсин!» кейин телефонни қўлма-қўл олиб, Раънога дил сўзларимизни баён қилдик. У бир умр Тошкентда биздан йироқда яшаган бўлсада руҳий бирдамлик ҳамиша мавжуд эди.

Куни кеча унинг ҳаётидаги яна бир қувончли хабар бутун мамлакатимиз бўйлаб қанот қоқди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли ижодкор Раъно Зарипова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида  «Бадиий таржимада муаллиф ва таржимон услуби масалалари» мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (РhD) илмий даражасини олиш учун диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.  Дугонажоним яна бир муҳим давонни эгаллади. «Бу давонни эгаллашимда университет раҳбарияти, илмий кенгаши, устозу дўстларимнинг ҳиссалари катта. Улар қўллаб қувватлаб. рағбатлантириб турганларидан бағоят хурсандман, миннатдорман»- дейди дўстим. Халқаро журналистика факультетида ёшларга таълим- тарбия  бера бошлади. Таълим- тарбия савобли ва масъулиятли вазифа! Дўстимга омадлар ёр бўлсин!

Дўстлар даврасида ҳамиша ардоқли бўлган қадрдонимиз Раъно Зариповага. узокдами, яқиндами ҳамиша бутун синфдошларимиз номидан омонлик тилаймиз!

Бекпошша Хўжаева, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси,  «Шуҳрат» медали соҳибаси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.