ҚАРЗДОРЛИК КЕЧИЛДИ, ИШ ЖОНЛАНДИ

0
107
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бизнесни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, мамлакатда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадини ўзида мужассам этган.

Ушбу фармонга асосан 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда уларнинг қарздорликларини ҳисобдан чиқариш амалга оширилиши белгиланган.

Содда қилиб айтганда мазкур ҳужжат билан айрим тадбиркорларнинг давлат олдидаги қарзи кечиб юборилди. Бу эса, ўз навбатида ҳаракатдан тўхтаган, бадиий тилда ифода этадиган бўлсак, “сўлиб” қолган субъектларнинг қайта жонланишига замин яратди.

Бевосита солиқ идоралари сайъ-ҳаракатлари билан 309 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди. Уларнинг 4 846,3 миллион сўмлик қарздорлигидан ўтилди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 7600 дан ортиқ фуқароларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Жорий йилнинг 10 ойида амалга оширилган ишлар натижасида бюджетга қўшимча 183 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиши таъминланди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер участкаларини давлат солиқ хизмати органларида тўлиқ ҳисобга олиш ва мол-мулкни кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаш орқали 6 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ундирилишига эришилди. Шу билан бирга, ҳудудларда фаолият кўрсатиб келаётган 29 та бозор ва савдо комплексларида ундириладиган йиғимларни тўлиқ кирим қилиш ҳисобига, рўйхатдан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахсларни аниқлаш ва тадбиркорларнинг норасмий ёлланма ишчиларини рўйхатга олиш ва қўлланилган молиявий жарималарни ундириш натижасида бюджетга қўшимча даромадлар тушуми янада кенгаймоқда.

Ромон АТАЖОНОВ,

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи

 

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.