Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан 13 июль куни ўтказилган телефон орқали мулоқотида олий даражадаги келишувларни амалга ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлашни жадаллаштириш ва уларни илгари суриш масалалари батафсил муҳокама қилинди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Қатар Амири Ўзбекистон етакчисини бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади.
Дўст Қатар халқи номидан Ўзбекистон раҳбари ва кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик, барқарор тараққиёт ва равнақ тилади.
Етакчилар жорий йил 5-6 июнь кунлари Қатар Амирининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида қабул қилинган битим ва келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришга келишиб олдилар.
Яқин фурсатда қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.