Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳолати кўриб чиқилди

0
44
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий муассасалар ва давлат идораларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ҳолати бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралдаги қарори билан бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича дастур қабул қилинган эди. Унга кўра, жорий йилда ижтимоий соҳа ва давлат идораларида 220 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.

Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишларнинг ижроси юзасидан ахборот берди.

Қайд этилишича, бугунги кунда 107 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилган. Йирик давлат компанияларида иш яхши кетмоқда. Лекин ижтимоий муассасаларда натижалар ҳали етарли эмас.

Масалан, олий ўқув юрти биноларида 36 фоиз, мактабларда 33 фоиз, тиббиёт муассасаларида 28 фоиз панеллар ўрнатилган. Ҳудудлар бўйича олганда, республикада бу кўрсаткич қарийб 50 фоизга етган. Аммо Тошкент шаҳрида қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш даражаси режага нисбатан 26 фоизни ташкил этмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу борада ҳали имкониятлар кўплигини таъкидлаб, ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, яқинда Ўзбекистон Президентининг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида 4,4 миллиард долларлик, жами қуввати 4,8 гигаваттга тенг 11 та қуёш ва шамол станцияларини қуриш бўйича келишувга эришилди.

Йиғилишда мазкур келишувлар ижросини ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.