Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Дунёдаги бугунги зиддиятлар, савдодаги чекловлар иқтисодиётда ўз аксини топмай қолмайди. Жумладан, бу омиллар озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилди. Бу вазиятда энг тўғри йўл – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиб, экспортни кўпайтиришдир.
Шу боис йиғилишда қишлоқ хўжалигини янгича ёндашувлар, ташкилий ва молиявий воситалар орқали қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир тармоққа алоҳида тўхталиб, янги таклиф ва ташаббусларни айтди.
Таҳлилларга кўра, бу йил 41 та пахта-тўқимачилик кластерида ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан кам бўлган. Ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги оқибатида Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаган.
Шароит ва изланиш бўлса, яхши тажрибалар ҳам бор. Масалан, Навоий вилоятидаги “Навбаҳор” кластери хориждан олиб келган янги пахта нави ўртача 70 центнердан ошиқ ҳосил бераяпти. Унинг таннархи, дейлик, Жиззахдагига нисбатан қарийб икки баробар арзонга айланаяпти.
Шу боис пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар кўрсатиб ўтилди. Унга биноан, келгуси йили ҳар бир вилоятдаги балл бонитети паст, суғориш қийин бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган 1 тадан туманда 70-80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади. Шунингдек, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.
Бу соҳадаги яна бир долзарб масала – айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилган. 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва фермерлар олдида қарздорлиги бор. 6 та кластернинг ишлаб чиқариш қуввати йўқ бўлса-да, уларга имтиёзли кредит берилган.
Шундан келиб чиқиб, кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Энди янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилади ва очиқ танлов орқали танланади. Уларда камида икки босқичли қайта ишлаш бўлиши шарт.
Фермерлар бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Улар фьючерс шартномасидан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилади.
Шунингдек, келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилади.
Кластерлар эса етиштирилган пахтани сотиб олиш ва терим учун маблағ бериш орқали молиялаштирилади. Чуқур қайта ишлашга ҳам алоҳида маблағлар ажратилади.
Мутасаддиларга кластер ва фермер хўжаликларини молиялаштиришнинг янги тартибини йўлга қўйиш, улар ўртасидаги дебитор-кредитор қарздорликни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Кластерларни халқаро молия стандартларига ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Бу йилги пахта ҳосилини тўлиқ қайта ишлаш натижасида 2024 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9,6 миллиард долларга, экспортни эса 4,5 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида газлама ишлаб чиқариш ва бўёқхоналар ташкил қилиш бўйича 350 миллион долларлик, Қорақалпоғистонда сунъий тола, газлама-мато ва бўяшга ихтисослашган 60 миллион долларлик лойиҳалар бошланган. Бу корхоналар келгуси йил ишга туширилиб, тадбиркорларга саноат ипотекаси асосида берилади. Уларда 1,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилади.
Мазкур тармоқ ривожини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, газлама-мато, бўяш ва тикувчилик бўйича янги қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилади. Жумладан:
— бўялган матони 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини ички бозорга сотган корхоналар ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди;
— уларга мол-мулк солиғини 3 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
— 2025 йил 1 январга қадар пахта ва сунъий толани импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
— тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун зарур технологик ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини импорт қилишда улар божхона божидан озод қилинади.
Президентимиз бундай имкониятлардан фойдаланиб, лойиҳаларни кўпайтириш, инфратузилма харажатларининг ярмини қоплаб бериш муҳимлигини таъкидлади.
Боғдорчиликда 16 минг гектар боғ ва 10 минг гектар токзорнинг ҳосилдорлиги пастлиги қайд этилди. Бу уларда гектаридан камида 3-5 минг доллардан, йилига ўртача 100 миллион доллар даромад йўқотилаяпти, дегани.
Шу боис энди ҳар бир туманда ҳоким бошчилигида қишлоқ хўжалиги, солиқ ва статистика ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, боғ ва токзорлар йилига камида бир марта хатловдан ўтказилади. Улар самарасиз деб топилса, ер солиғидан берилган имтиёз бекор қилинади ва солиқ тўлиқ ундириб олинади. Келгуси йилдан бошлаб, боғ ва токзорларга ҳосилдорлиги ва тушумига қараб, табақалашган ер солиғи ставкалари жорий қилинади.
Шунингдек, боғлардаги қатор ораларида ва томорқаларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш вазифаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бугунги кунда паррандачиликда йилига 690 минг тонна гўшт ва 8,7 миллиард дона тухум етиштирилади. Сўнгги ойларда бу маҳсулотлар нархи сезиларли ошди. Озуқа муаммоси маҳсулот таннархини пасайтириш имконини бермаяпти. Шунинг учун 8 та йирик дон омбори ташкил этилиши айтилди.
Яна бир муҳим масала – бизда биринчи тартибли парранда наслининг ота-оналик линияси йўқ, шу сабабли йилига 3 миллион бош жўжа импорт қилинмоқда. Бу насл ўзимизда бўлса, ишлаб чиқаришни 3 баробар ошириш, гўшт таннархини 10 фоизга камайтириш мумкин. Энг муҳими, йилига 50 миллион долларлик инкубацион тухум ва наслли жўжалар экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Шу борада АҚШ компаниялари билан келишувга эришиш вазифаси қўйилди.
25 та туманда чорва кластерлари ташкил этиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, балиқ етиштиришни кўпайтириш, Cловения тажрибаси асосида ҳовузлар барпо этиш масалалари ҳам айтиб ўтилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги тармоқларини молиялаштириш масаласи ҳам таҳлил қилинди. Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағлар тўлиқ йўналтирилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Негаки бу маблағлар 20-25 йилга жалб қилинган бўлса-да, банклар томонидан тадбиркорларга 5-7 йилга ажратилмоқда. Кредит бериш учун лойиҳаларни кўриб чиқиш муддати бир йилгача чўзилмоқда. Маблағлардан фойдаланиш йўналишлари чеклангани сабабли тадбиркорларда қизиқиш кам.
Шу боис бу ресурсларни банклар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам жозибадор шартларда ажратиш кераклиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига бериладиган кредитлар муддати 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йилгача узайтирилиши, улар 2 ойгача муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига халқаро молия ташкилотлари, бюджет ва банклар ажратаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича ички аудит хизматини ташкил қилиш топширилди.
Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, бу рақобат ва нарх-навога таъсир этаётгани таъкидланди.
Йиғилишда бюджетга тушумларни таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бу борада айрим туман ва шаҳарларда оқсоқликка йўл қўйилаётгани, даромадлар ҳажми ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланиб, ҳудудларга табиий газ етказиб бериш ва ҳисобини юритиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.