2019 йил 6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Депутатлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар. Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам айни мақсадга қаратилган бўлиб, у билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини қарор топтириш, тадбиркорларнинг ҳар қандай қонуний ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини барча босқичларда тиклай олиш имкониятини яратиш мақсадида вакилга қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда. Хусусан, вакилнинг фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари устидан кассация ва назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи белгилаб бериляпти.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши юртимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоялашга қўшимча кафолат яратади.
Шундан сўнг парламент аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш давомида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган барча моддаларини маромига етказиш мақсадида депутатлар ишчи гуруҳ ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб, пишиқ-пухта ҳолга келтирдилар. Ҳаволаки нормалар чиқарилиб, улар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди. Қонун лойиҳасида суд томонидан маъмурий жаримага тортиш ҳолатларидан ташқари, жаримага тортиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш назарда тутилди.
Депутатларнинг қайд этишича, таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши фуқароларни тайинланган жарималарни ўз вақтида тўлашга рағбатлантиради, улар учун қўшимча қулайликлар яратади, шунингдек, маблағлар ўз вақтида Давлат бюджетига келиб тушишини таъминлайди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, амалдаги қонун Ҳукумат фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўзига бириктирилган аниқ соҳа ва тармоқлар учун жавобгарлиги ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тартибга солинмаган. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этади. Ҳукуматнинг тармоқ ва соҳалардаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган ҳолда, унинг ушбу соҳаларни ривожлантириш бўйича жавобгарлиги кучайтирилади. Турли даражадаги қонун ҳужжатлари тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунда мужассамлашади.
Мажлисда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, кўп квартирали уйлар масалаларидаги давлат бошқаруви ва назорати органларининг муносабатларини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой кечди.
Мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида депутатлар томонидан қатор нормаларнинг амалиётда ишлашини ўрганиш бўйича юртимизнинг барча ҳудудларида соҳа вакиллари, ширкат раҳбарлари ва аъзолари, бошқарув компаниялари ходимлари билан учрашувлар ўтказилди. Мавжуд ҳолатлар ўрганилди, тегишли таклифлар олинди. Ана шу таклифлар асосида янада такомиллаштирилган қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйларни бошқариш усулларига аниқлик киритилди.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада учраётган кўплаб муаммоларни бартараф этишга, амалиётда вужудга келган яна бир ўткир масала — нотурар жой мулкдорларининг ширкат аъзоси ҳисобланмаслигига барҳам берилади, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилади.
Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати