Қўштепа туманида томчилатиб суғориш жорий этилди

0
157
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қўштепа туманига бориб, ғўзани томчилатиб суғориш технологиясини кўздан кечирди.

Марказий Фарғона ерларида деҳқончилик қилиш – машаққат. Айниқса, Қўштепа туманининг қарийб 70 фоиз ҳудуди унумдорлиги паст ерлар. Шу сабабли қишлоқ хўжалигида кўзланган натижаларга эришилмас эди. 

Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида бундай майдонларда томчилатиб суғоришни жорий этиш бўйича кўрсатма берган эди.

Бугунги кунда “Fergana Global textile” пахта-тўқимачилик кластери томонидан Исроилнинг “Netafim” компанияси билан ҳамкорликда шундай лойиҳа амалга оширилмоқда.

Биринчи босқичда 215 гектар ерда томчилатиб суғориш жорий этилди. Бунинг учун 17 минг куб метр сиғимга эга сунъий ҳовуз қурилиб, 3 та тик қудуқ қазилди. 520 минг долларлик замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Мазкур технология ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 гектар пахта майдонини суғориш мумкин.

Самарадорлик яхши бўлмоқда. Масалан, сув, ўғит ва ёқилғи сарфи икки баравар, механизация жараёни тўққиз мартага камайган. Бу тизимни самарали ишлатиш учун 10 нафар ёш агроном ўқитилган.

Президентимиз томчилатиб суғориш жараёнини кўздан кечириб, мутахассислар билан мулоқот қилди.

– Бу ҳудуднинг тупроғи қумлоқ, сув доим танқис. Лекин авваллари бу ерда ҳам бошқа жойлар билан бир хил иш услуби бўлган. Шунинг учун туманда қишлоқ хўжалиги рентабел эмасди. Масалан, пахтадан 10-12 центнер ҳосил олинар эди. Мана, бу йил 45 центнер бўлиши кутилаяпти экан. Булар – илм билан ёндашиш самараси. Қилса бўлар экан-ку, – деди Президент.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида 1 минг 200 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиш белгиланган. Мутахассислар фикрича, ушбу технология икки мавсумда харажатларини тўлиқ қоплайди.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.