Баҳорнинг илк куни. Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним Исроилова таваллудининг 104 йиллигига бағишланган адабий-бадиий тадбир муносабати билан файзли Адиблар хиёбони оташнафас шоиранинг яқинлари, сафдошлари, шогирдлари, издошлари билан янада гавжум, янада тароватли бўлди. Шоира ҳайкали пойида турфа гуллар барқ уриб очилган. Баҳорий кайфиятлари, миллий либослари ўзига ярашган Зулфияхоним қизлари саф тортиб бир- бири билан беллашаётгандек ўзбек халқининг ардоқли шоираси шеърларини шивирлаб такрорлашмоқда.
Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…
Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбир Нажмиддинова кириш сўзи билан бошлаб берди. У “Юртимизда 1999 йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани шоира ижодига улкан эҳтиромнинг ифодаси бўлди”, дея таъкидлади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда ижод аҳлига эътибор ҳамда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш йўлидаги самарали ишлар, жумладан, Зулфияхонимнинг севимли шеърияти, издошлари ҳақида сўз юритди.
Тадбирда иштирок этган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани юртимизда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги фаоллигини юксалтиришга, иқтидорли қизларни янги-янги марраларга чорловчи омилга айланганини эътироф этиб, ушбу мавзуга бағишланган шеърини ўқиб берди:
Қанча яшашини билмайди инсон,
Бир кун осмонларга учиб кетгай жон.
Чархга мерос дилнинг тоза сўзлари –
Зулфия момонинг сулув қизлари.
Муниса япроқлар неъматдир бешак,
Бунда тошларни ҳам тушунмоқ керак.
Гоҳ жаннат, гоҳ дўзах Ҳақнинг рўзлари,
Зулфия момонинг сулув қизлари.
Бунда ҳар гул айтар соҳиб чиройман,
Баъзан юлдузларга қараб ўйлайман.
Бу кўкнинг чарақлаб турган кўзлари –
Зулфия момонинг сулув қизлари.
Билгин-эй, ёлғоннинг даврони бекор,
Нозик дилларга бир Тўмарис даркор.
Озодлик кўнгилнинг нурли кезлари,
Зулфия момонинг сулув қизлари.
Маҳкам тут, қўлингда қуёшли қалам,
Қуёшли қаламдан қуёшли олам.
Ўчмасин Зулфия момо излари,
Зулфия момонинг сулув қизлари.
Шунингдек тадбирда ижодкорлар Зулфия Мўминова ва Фароғат Худойқулова шоира ижоди, фаолияти, фазилатлари, абадияти ҳақида шеърий бағишловини ўқиб беришди. Зулфиянинг набираси Лола Муҳиддинова миллий адабиётимиз равнақи йўлидаги чексиз эътибор ва ғамхўрлик ижод аҳлини янада самарали меҳнат қилишга чорлаётганини таъкидлади.
Зулфияхоним қизлари вафо ва садоқат куйчиси тимсолига айланган шоиранинг энг сара шеърларидан намуналар ўқишди, қўшиққа айланган шеърларини дутор чалиб куйлашди.
Тадбир сўнгида ўзбек халқининг севимли шоираси ҳайкали пойи гулларга бурканди.
Шунингдек, 1 март куни моҳир адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов хотираси ҳам ёд этилди. Тиловот қилинди. Адиблар хиёбонидаги ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Р. Зарипова