Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

0
44
марта кўрилган.
 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, юртдошларимизнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли яратилган қулай имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқимиз муборак Рамазон ойини тинчлик-хотиржамлик ва шукроналик билан ўтказмоқда.

Айниқса, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар жамоатчилиги, диний уламоларимиз томонидан жойларда кўплаб маънавий-маърифий ишлар амалга оширилаётгани, саховат ва меҳр-муравват тадбирлари доирасида кам таъминланган, ёлғиз ва ногиронлиги бўлган инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилаётгани Рамазон ойининг аҳамияти ва файзу тароватини янада оширмоқда.

Ана шундай хайрли ишларнинг давоми сифатида улуғ айём – Рамазон ҳайитини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда ўтказиш, унинг моҳиятида мужассам бўлган меҳр-оқибат, саховат, олижаноблик ва бағрикенглик фазилатларини асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, эл-юртимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 21 апрель – жума кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2023 йил 21 апрель куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Аҳолининг Рамазон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиши ва юксак савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2023 йил 24 апрель (душанба) куни иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун қўшимча дам олиш куни сифатида белгилансин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ҳайити халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

Маданият ва туризм вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш.Мирзиёев

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.