Ривожланаётган Оролбўйи минтақаси дунё ҳамжамияти нигоҳида

0
114
марта кўрилган.

2021 йил 5 июнь куни Нукус шаҳрида Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ҳамда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция қабул қилиниши муносабати билан “Ривожланаётган Оролбўйи минтақаси дунё ҳамжамияти нигоҳида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти ваколатхонаси ва бошқа халқаро ҳамда миллий ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунга келиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик инсоният олдидаги турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу глобал вазифани бажариш эса,  ҳамжиҳатликни талаб этади.

Жорий йил 18 май куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқуллангани Ўзбекистон Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш ва мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида муҳим тадбирларни амалга ошираётгани ва бу борада тўғри йўлдан бораётганини англатади.

Таъкидланганидек, мазкур резолюция асосида Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон мелиорацияси усулларини барқарор қўллаш йўли билан чўлланишнинг олдини олиш, бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа тадбирлар амалга оширилади. Ҳудудда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфияти юзага келишига йўл қўймаслик, уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, янги иш ўринлари ҳамда даромад манбалари билан таъминланиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Шунингдек, Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланиб, мавжуд аҳволни яхшилаш учун мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилди. Орол денгизини сақлаб қолиш борасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган тажрибалар қўлланилиб, денгиз ўрнидаги саҳрони ўрмонга айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, “яшил қопламалар” барпо этишнинг ҳуқуқий асоси яратилган.

Қабул қилинган қарорлар доирасида 2018-2020 йилларда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 1,2 миллион гектар майдонда ўрмон-мелиоратив тадбирлари амалга оширилди. “Яшил қопламалар” барпо этишда техника, авиация, кичик авиациядан фойдаланилиб, инновацион усуллар қўлланилди. Ушбу ўрмон-мелиоратив тадбирлари учун ўрмон хўжаликлари ишчилари ва аҳоли томонидан 4,3 минг тонна чўл ўсимликлари бўлган саксовул, қорабуроқ, қандим, черкез ва чўл яйлов ўсимликлари уруғлари жамғарилди. Шунингдек, 1000 та техника ва механизм, 6 дона самолёт ва 2 дона дельтаплан жалб этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, жамоатчилик эътиборини экологик муаммолар ечимига қаратиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон велоспорт Федерацияси билан ҳамкорликда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони ўтказилди.

Ушбу экологик хайрия веломарафонидан тушган маблағлар Мўйноқ туманидаги Алиовул қишлоғини обод қилиш, ҳудудда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Конференцияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.