Самарқанд шаҳрида “Samarkand Half marathon” халқаро мусобақаси якунланди. Юртимизда соғлом турмуш тарзини, туризмни янада ривожлантириш, спорт ва санъатни уйғунлаштириш мақсадлари асосида ташкил қилинган ушбу хайрия марафонида 23 га яқин мамлакатдан 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳаваскор иштирокчилар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов марофон қатнашчиларини табриклаб, мусобақанинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Ушбу марафонни ўтказиш учун Самарқанд шаҳри танлаб олингани бежизмаслиги, спортчилар регламентда белгилаб қўйилган масофаларни шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб босиб ўтиши, бу эса Самарқанднинг туризм соҳасидаги имкониятларини кенг очиб бериш учун яна бир қулай имконият яратишини таъкидлашди.
Икки км.га югиришда ҳамюртларимиз Хуршид Аҳмадалиев ва Маржона Баратоваларга биринчилик насиб қилди, Ўн 10 км.га чопишда қозоғистонлик Дмитрий Иванчиков ва Татьяна Нерознак биринчи ўринни эгаллашди. Йигирма бир км.га югиришда юртимиз вакиллари Шоҳруҳ Давлатов ва Нурхон Муҳриддинова ғолиб бўлишди.
Марафон ғолиблари ташкилотчиларнинг пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, 2 ва 3-ўринни эгаллаганлар, марафоннинг фаол иштирокчилари, энг ёш ва энг кекса марафончилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.