Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини ҳар галгидек Ҳазрати Хизр мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида қадамжони янада обод қилиш, Имом Бухорий номидаги илмий тадқиқот маркази қурилиши, унинг илмий назарий асосларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари вилоятнинг Оқдарё, Иштихон ва Пастдарғом туманларида бўлиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиб, халқ билан мулоқот қилди.
Ташрифининг иккинчи кунида Президент Шавкат Мирзиёев Миллий гвардия бўлинмаси фаолияти билан танишиди.
Тизимда амалга оширилаётган ишлар, ҳарбийларга яратилаётган шароитлар ҳақида ахборот берилди. Қўшинларнинг қурол-аслаҳа ва алоқа воситалари таъминланиши, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони вазиятни доимий таҳлил қилиш, хатарларнинг олдини олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк саркардаларимиз ҳарбий маҳоратини ўрганиш, ўқув-тактик методикани ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғларни кўздан кечирди. Таклиф этилаётган ҳарбий кийимлар билан танишди.
Ҳарбий либослар миллийлигимизни акс эттирадиган, тарихда қоладиган бўлиши керак. Шунинг учун бу масалани ҳар томонлама ўйлаш, лойиҳаларни халқ муҳокамасига қўйиш зарур, деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.