Самарқандни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди

0
34
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Самарқанд мамлакатимиз марказида жойлашган, савдо, саноат, туризм, транспорт ва аграр тармоқлар яхши ривожланган ҳудуд. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил августдаги ташрифи чоғида белгиланган вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда.

Энди янги-янги марралар олиш зарур. Шу мақсадда аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, 4,1 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш имконияти аниқланган. Хусусан, келгуси йилда Самарқанд вилоятида ҳудудий дастурлар доирасида камида 1 миллиард 850 миллион доллар инвестицияларни ўзлаштириш, 20 минг иш ўрни яратиш ва қўшимча 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган.

Масалан, Пастдарғом тумани “Чимбойобод” ҳудудида ҳокимлик захирасида турган 234 гектар ерда махсус саноат зонасини ташкил қилиш мумкин. Тадбиркорлар у ерга 500 миллион доллар инвестиция киритиб, фармацевтика, кимё, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат лойиҳаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.

Ёки Зарафшон дарёси атрофидаги 25 гектар тошлоқ ер “Ургут” эркин иқтисодий зонасига қўшилса, 30 миллион долларлик лойиҳаларга жой бўлади. Дарғом канали бўйида 35 километрли туристик йўлак, Нарпай каналида гастрономик кўприк ташкил этиш орқали биринчи босқичда 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

Вилоятдаги яйлов ва лалми ерларни иқтисодий активга айлантириш керак. Масалан, Самарқанд туманида 350 гектар лалми ерда туристик-рекреацион ҳудуд ташкил қилиб, мингта тадбиркорни жойлаштириш ва 3,5 мингта иш ўрни яратиш мумкин.

Булунғурнинг тупроғи, иқлими мева-сабзавотчиликка қулай. Тумандаги 6 минг гектар самараси кам ғалла майдонлари мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилса, гектаридан даромад 10 минг доллардан ошади, 45 минг одам ишли бўлади. Маҳсулотларнинг ярми экспортга чиқарилиб, қўшимча 52 миллион доллар экспорт тушуми таъминланади.

Иштихон, Ургут, Пайариқ ва Қўшработдаги одамлар 35 минг гектарда узум етиштиради. Лекин сердаромад навларни экиш, касалликка қарши курашиш, янгича агротехник тадбирларга кўникма етишмагани учун ҳосилдорлик паст. Шу боис Иштихонда Боғдорчилик ва узумчилик илмий институтини тажриба станциясини ташкил қилиш таклифи билдирилган. Унда “in-vitro” усулида кўчатчилик йўлга қўйилиб, узумнинг “Гигант”, “Сирлибой”, “Аватар” каби бозорбоп навлари экилади. Натижада ҳосилдорлик қўшимча 25-30 центнерга, экспорт 20 миллион долларга ошади.

Шунингдек, Қўшработ, Иштихон, Нуробод, Пастдарғом, Пахтачи ва Ургутдаги конлар негизида фойдали қазилмаларни қайта ишлаш корхоналари очиш мумкин.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича чора-тадбирларни тақдимот қилди.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича қарор киритиш вазифасини қўйди. Лойиҳаларни мастер-режа асосида жойлаштириш, кўпроқ иш ўринлари ва замонавий уй-жойлар ташкил этиб, аҳоли фаровонлигини ошириш юзасидан топшириқлар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.