Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди.
– Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Мамлакатимизда халқни рози қилиш мақсади йўлида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ўқиши, ишлаши, саломатлиги, оиласи учун шароитлар яхшиланмоқда.
Бу мақсадлар Тараққиёт стратегиясининг ҳам муҳим йўналишларидан бири. Шунга мувофиқ, 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар белгиланди. Бу вазифаларни тизимли ва самарали амалга ошириш мақсадида, Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.
Республикадаги 9,5 мингга яқин маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди. Бу орқали, опа-сингилларимизнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинади.
Президентимиз ташаббуси билан жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топмоқда. Шунингдек, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш учун “Аёллар кенгашлари” тузилмоқда.
Тадбиркор хотин-қизларни янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.
Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
– Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз хотин-қизларга мурожаат қилиб, уларни буюк ишларга руҳлантирди:
– Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун, янги тарихий даврга қадам қўйдик. Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан, Президент қарорига биноан эса йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан мукофотланган эди.
Байрам тадбирида ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
– Барчангизни яна бир бор бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий табриклайман. Сизларга дунёдаги энг бебаҳо бойлик – оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш қувончи ҳамиша ёр бўлишини тилайман. Қалбингиз доим бугунги баҳордек яшнаб турсин, — деди Президент.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар ходимлари файзли дастурхон атрофида байрамни нишонлади. Тадбирда чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам иштирок этди.
Байрам тантанали концерт дастури билан давом этди.