Шавкат Мирзиёев бухороликларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди

0
62
марта кўрилган.

ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Қоракўл шаҳрида бухоролик сайловчилар билан учрашув ўтказди. Тадбирни номзоднинг Бухоро вилояти бўйича ишончли вакили С.Ҳусенов очди.

Шавкат Мирзиёев аҳолини ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Бу дастур иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар ривожи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларига оид ўнта устувор йўналишни қамраб олган.

Номзод келгуси йилларда вилоят саноатида кескин бурилиш даври бўлишини таъкидлади. Жумладан, жами 8 миллиард долларлик 5 мингта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 100 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Қоракўл туманида газ-кимё мажмуаси барпо этиш лойиҳаси улардан энг йиригидир. Қиймати 2,7 миллиард доллар бўладиган ушбу заводда йилига 1,3 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, 770 минг тонна полимерлар ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, тўқимачилик саноатида жами 450 миллион долларлик 180 та, қурилиш материаллари бўйича 10 триллион сўмлик 282 та лойиҳа режалаштирилгани айтилди. Бу корхоналар ва аҳолини энергия билан таъминлаш учун шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари барпо этилади.

Қишлоқ жойлардаги аҳолининг асосий даромад манбаси зироатчилик эканини инобатга олиб, бу соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 8 минг километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 126 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилиш режалаштирилган. 100 минг гектар ер мева-сабзавот етиштиришга ажратилиши, 15 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, очиқ танлов асосида аҳолига ижарага берилиши қайд этилди.

— Бухоро азал-азалдан тадбиркор ва ҳунармандлар юрти бўлиб шуҳрат қозонган. Бу салоҳиятни ишга солиш учун аҳолига дастак бўладиган шароитлар яратиб, касбга ўргатсак ва озгина кўмак берсак, бемалол 90 минг аҳолининг бандлигини таъминласа бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ишларни манзилли ташкил этиш учун ҳар бир маҳаллада “ҳоким ёрдамчилари” фаолияти йўлга қўйилиши мўлжалланган.

Бухоро вилоятида 829 та маданий ёдгорлик бўлиб, 287 тасининг тарихи минг йилликларга оид. Шу боис, Бухорода туризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унга кўра, келгуси беш йилда вилоятда 255 та меҳмонхона, 60 та янги туризм йўналиши ташкил этилади. 800 дан зиёд маданий объектлар реставрация қилинади. Арк қўрғонининг юз йил олдин вайрон қилинган қисмлари қайта тикланади. Ғиждувонда ҳудудлараро улгуржи савдо маркази қурилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Бухоро вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 50 триллион сўм ажратиш ва жами 280 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Номзод, шунингдек, уй-жой, ички йўллар, муҳандислик тармоқлари қуриш, тиббиёт ва таълим соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирларига тўхталиб ўтди.

Учрашувда сайловчилар сўзга чиқиб, номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди. Бўлажак Президент сайловида Шавкат Мирзиёевга овоз беришини таъкидлашди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.