Шавкат Мирзиёев: Энди бу тармоқ қўшилган қиймат берадиган вақт келди

0
93
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни кимё саноати тармоғида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича катта салоҳият бор. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан бу борада 1 миллиард 355 миллион долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шундан қарийб 60 миллион долларлик 8 та лойиҳа жорий йилда ишга туширилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий, Жиззах ва Тошкент вилоятларида жойлашган ушбу корхоналарда 11 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилади. Йилига 450 миллиард сўмлик товарлар ишлаб чиқарилиб, 15 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш ҳамда қарийб 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади. Ушбу корхоналарда 260 киши иш билан таъминланади.

Бундан ташқари, айни пайтда умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион доллардан зиёд бўлган 18 та лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда.

Умумлаштириб айтганда, бу йилги ва истиқболдаги барча лойиҳалар натижасида 3 миллард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади, тармоқнинг экспорт салоҳияти 1 миллиард 300 миллион долларга етади. Янги корхоналарда 3 минг 500 га яқин иш ўрни ташкил этилади.

Яна бир муҳим жиҳати, ушбу корхоналар фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг, табиий газни чуқур қайта ишлаб олинадиган янги маҳсулотлар қиймати 2 миллиард 100 миллион доллардан ошади. Яъни, қўшилган қиймат 14 баробар кўпаяди.

Кимёвий хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар негизида талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқариш қувватларини яратиш мақсадида “Навоийазот” ва “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 3 та йирик технологик кластерни барпо этиш режалаштирилган.

Хусусан, “Навоийазот”да умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион долларлик 16 та лойиҳа, “Фарғонаазот”да жами 334 миллион долларлик 4 та лойиҳа, Қорақалпоғистон Республикасида салкам 687 миллион долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш ва илм-фан ўртасида интеграцияни ривожлантириш масаласига доим алоҳида эътибор қаратади. Шу мақсадда пойтахтимизнинг Улуғбек шаҳарчасида илмий кимё кластерини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Унга кўра, 60 гектар майдонда маъмурий ва ўқув бинолари, лабораториялар, Ўзбекистон-Корея илмий маркази, илмий ходимлар учун турар жойлар, ётоқхона, амфитеатр, боғ ва қуёш электр станцияси барпо этиш кўзда тутилган. Бу ерда 8 минг нафар талаба таҳсил олиши ҳам мумкин бўлади.

Шунингдек, мазкур илмий кластер Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти ҳамда Чирчиқ шаҳридаги ишлаб чиқариш лабораторияларини ўз ичига олади.

– Кимё саноатига жуда катта маблағ бердик. Энергия самарадорлиги жиҳатидан технологиялар янгиланди. Энди бу тармоқ қўшилган қиймат берадиган вақт келди. Жуда катта имкониятлар бор. Агар ҳар бир йўналиш бўйича миқдорини, сифатини, нархини жой-жойига  қўйсак, экспорт 5-6 баробар ошади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари талаб этаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича янги-янги лойиҳалар шакллантириш зарурлиги таъкидланди. 

Тақдимотда кимё корхоналаридаги давлат улушини қисқартириш, уларни трансформация қилиш, соҳага корпоратив бошқарув ва молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш борасидаги ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тузилмасини ўзгартириш, малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан вазифалар қўйилди.   

Тадбирда ичимлик суви тармоқлари ва автомобиль йўллари ҳолати бўйича ўтказилган хатлов натижалари ҳам кўриб чиқилди. Бу йил 7 минг 184 километр қувурлар, резервуар ва насос станциялари қурилиб, 1 минг 106 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади. Натижада 4 миллиондан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Шунингдек, жорий йилда 16 минг 800 километр йўллар таъмирланиши айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари халқаро тажрибани қўллаб, қурилишни арзонлаштириш, эксплуатация сифатини таъминлаш, ажратилган маблағлар манзилли ва самарали ишлатилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.