Шавкат Мирзиёев: Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир

0
157
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Ушбу мажмуа Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи – Жумҳурбашканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.

Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон — олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди. Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти томонидан таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон бўлди.

Бунда ҳам ўзига хос чуқур маъно бор. Давлатимиз раҳбарининг китобга меҳри, китобхонлик тарғиботига эътибори бўлакча. Маърифат, таълим, ёшлар тарбиясига оид халқаро ташаббуслари ҳам барчага маълум. Жорий йил Ўзбекистонда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилингани ҳам илмга эътиборнинг яна бир далолати.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари шундай муҳим ва шукуҳли воқеага таклиф учун миннатдорлик билдириб, қардош турк халқини ушбу илм-маърифат маскани билан муборакбод этди.

– Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, – деди Президентимиз.

Ўзбек ва турк халқларининг илдизи бир, маънавияти муштарак. Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Алишер Навоий мероси халқларимизнинг миллий юксалишига катта ҳисса қўшган. Қозизода Румий Самарқандда мударрислик қилган. Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Истанбулда ўтказган. Абдурауф Фитрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий каби кўплаб жадид боболаримиз Туркияда таҳсил олган.

Бугунги кунда Истанбулда Абу Райҳон Беруний номидаги университет бор. Туркия китоб фондларида Алишер Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари юртимизда замонавий мактаблар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилаётганини таъкидлади. 

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, ҳадис, калом, ақийда, тасаввуф, фиқҳ мактаблари очилган. Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини намоён этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда.

Бу йил улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилганининг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, жорий йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти, Хива шаҳри Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган. 

Президентимиз туркиялик олимлар, адабиётшунос ва диншуносларни ушбу маданий-маърифий тадбирларга таклиф этди. Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланаётгани, уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини кутаётганини таъкидлади.

Туркия Президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди. 

— Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир, — деди Режеп Таййип Эрдоған. — Илм муҳити асрлар давомида Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Конё, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирнени боғлаб, ўзаро бойитгандир. Бу кун Халқ кутубхонасини Жаноби олийлари билан биргаликда очиб, муштарак маданиятимиз ҳақида бутун дунёга муҳим бир ишора бермоқдамиз.

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.

Шунингдек, Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китоблар тақдим этилди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.