Шавкат Мирзиёев: Ҳарбий хизматчилар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак

0
326
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари амалий сафарини, анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади. 

Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуои хайрлар қилинди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.   

Сўнгра мамлакатимиз раҳбари  Ангор туманидаги «Aнгор Сурхон ғурури» пахта-тўқимачилик кластери даласида пахта ҳосилини кўздан кечирди. 

Давлатимиз раҳбари бу ҳақда 2018 йил январда вилоятга сафари чоғида кўрсатмалар берган эди. Шу асосида Сурхондарёда 6 та тўқимачилик кластери ташкил этилди. Улар жами пахта майдонининг 67 фоиздан зиёдини қамраб олган. 2020 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Айни кунда  900 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилаётган  кластерни кўздан кечириб маслаҳатлар бергач, Денов туманидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги барча ҳарбий қисм ва муассасаларининг штат туркумлари, шахсий таркиби тубдан такомиллаштирилмоқда. 

Мазкур ҳарбий қисм ҳам 2018 йилдан аралаш ҳарбий қисм таркибида фаолият юритмоқда. Бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар 21 йўналишда мутахассисликлар бўйича тайёрланади. 

Қисмда ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, бир вақтнинг ўзида 500 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи амалий ва назарий машғулот ўташ имкони мавжуд 3 қаватли ўқув биноси, 6 та ётоқхона, замонавий спорт мажмуаси, ошхона қурилди. 

Президентимиз илгари сурган Бешта ташаббус асосида мазкур ҳарбий қисмда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Танишув чоғида шу ҳақда маълумот берилди. Хусусан, ўқув биноларидаги компьютер хоналари, электрон кутубхонада ҳарбийларнинг замонавий билим ва илғор кўникмаларни эгаллаши, ўз устида мунтазам ишлаши учун барча имкониятлар яратилди. 

Мудофаа вазирлиги ва вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига шарт-шароит яратиш мақсадида жорий йилда қисм ҳудудидаги ҳарбий шаҳарчада 64 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, нодавлат битта мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмдаги шароитлар, янги ташкил топган бўлинмалар, аскар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўқув фаолияти билан танишди. 

Саф майдонида Олий Бош Қўмондонга муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Президентимиз ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналарини кўздан кечирди. 

Ҳарбийлар билан мулоқотда Президентимизга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларни замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшинларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, мазкур қисмда жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. 

 – Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент аскар ва офицерларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олиш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Бунинг учун жойларда фаолият юритаётган ҳарбий командирлар, ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

Ҳарбий қурилиш тизимини такомиллаштириш, аскарларнинг маънавиятини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.