Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашди

0
132
марта кўрилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили Б.Узоқов очди.

Шавкат Мирзиёев сўзининг бошида халқимизни Ўзбек тили байрами куни билан муборакбод этди.

Президентликка номзод фуқароларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Унда иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар равнақи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларини ривожлантириш масалалари қамраб олинган.

Дастурда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам режалар белгиланган. Хусусан, келгуси беш йилда вилоятда жами 12 миллиард долларлик 4 мингдан зиёд катта, ўрта ва кичик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, 120 мингта иш ўрни очиш мақсад қилинган.

Бунда, аввало, “Жиззахда ишлаб чиқаринг” ғояси асосида саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Жумладан, “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилиши ва 800 миллион долларлик 90 дан зиёд саноат лойиҳалари мўлжалланган. Кичик саноат зоналарини эса 23 тадан 40 тага етказиб, уларда 201 миллион долларлик 375 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Шаҳар ва туманларда машинасозлик, электротехника, энергетика, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика тармоқларида кўплаб корхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Бундай ишлар натижасида келгуси 5 йилда вилоят экспорти ҳажмини 3 баробардан зиёд ошириб, йиллик 620 миллион долларга, шундан саноат маҳсулотлари экспортини 500 миллион долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Номзод сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик руҳи ошгани, бу соҳага имкониятларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда 50 мингдан зиёд ёшлар тадбиркорликка, 28 минг нафари талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш мўлжалланган.

Қайд этилганидек, вилоят табиати ҳам ички, ҳам ташқи туризмни ривожлантириш учун қулай. Бу соҳада 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, 25 минг иш ўринлари яратилади. Умуман, кичик бизнес ва хизматлар соҳасида, “маҳаллабай” ишлаш орқали, вилоятда 100 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев ердан олинадиган иқтисодий самарани кескин кўпайтириш – бу соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлишини таъкидлади. Бунинг учун 100 минг гектар ерда замонавий агротехнология ва янги навларни жорий этиш орқали ҳосилдорлик пахтада ўртача 60 центнергача, ғаллада эса 90 центнергача олиб чиқилади. 42 та кластер ташкил қилиниб, 50 минг гектар майдонда токзор ва интенсив боғлар барпо этилади. 40 миллион доллар инвестиция ҳисобига, Бахмал ва Зоминда заъфарон плантациялари 2 минг гектарга етказилади. Зомин ва Зарбдор туманларида йирик чорвачилик комплекси ишга туширилади. Паррандачилик, балиқчилик бўйича ҳам кўплаб лойиҳалар режалаштирилган.

Номзод жойларда турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Аҳолини уй-жой ва ичимлик суви билан таъминлаш, маҳаллаларни обод қилиш борасидаги режаларини баён этди.

Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 208 та қишлоқ ва маҳалла яхшиланади. 875 километр ичимлик суви, 5 минг километр электр тармоқлари, 3 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари ва ички кўчалар қурилади. Келгуси беш йилда жами 18 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилиб, эҳтиёжманд оилалар субсидиялар ажратилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Жиззах вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 45 триллион сўм йўналтириб, 230 мингга яқин иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим муассасаларининг қамрови ва сифатини ошириш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган режалар ҳам таништирилди.

Учрашувда партия аъзолари, туман студияларидаги сайловчилар билан самимий мулоқот бўлди. Улар вилоятдаги ўзгаришларни қайд этиб, ўз фикр ва таклифларини билдирди. Шавкат Мирзиёев бу таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишга сўз берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.