Шавкат Мирзиёев: Наврўз руҳи ва фалсафаси янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир

0
205
марта кўрилган.

Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида 21 март куни Наврўз байрами шодиёнаси бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари кўп миллатли халқимизни Наврўз байрами билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.

– Ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта тантана қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик. Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларни халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб эзгу ният қилган эдик. Бугун ана шу орзу ва интилишларимиз рўёбга чиқмоқда. Гўзал ва жонажон юртимизда яна шодиёналар, қувончли кунлар бошланмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлмаганини, шунча меҳнат зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашишни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслик, бепарволик ва беғамликка берилмаслик кераклигини таъкидлади.

– Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз – эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда, – деди Президент.

Бу йилги Наврўз Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллигида ўтмоқда. Халқимиз бу айёмни баланд кайфият билан кутиб олмоқда.

— Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, қатъий сиёсий иродамиз билан кенг кўламли ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам жадал давом эттирамиз. Қанчалик қийин бўлмасин, эл-юртимиз манфаатини, жондан азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган тўғри йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Барча соҳа ва ҳудудлардаги саъй-ҳаракатлар ўз натижаларини бермоқда. Замонавий корхоналар, янги уй-жойлар, илм ва маданият масканлари қурилиб, шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб бормоқда.

Юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.

Буларнинг ҳаммаси Наврўзнинг моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ободлик қадриятларига мосдир.

Давлатимиз раҳбари Наврўз байрамини нишонлаётган барча халқларга, хорижий ҳамкорларга эзгу табрик ва саломларини йўллади.

Байрам тадбири катта концерт дастури билан якунланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.