Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA билан шерикликда ташкил этилган ушбу мажмуада электроника, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, тикувчилик, сартарошлик-косметология каби талаб юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрланади.
Марказга барча замонавий ускуна ва жиҳозлар Жанубий Кореядан олиб келинган. Ўқув-машғулотлар ҳам ушбу мамлакат дастур ва қўлланмалари асосида ўтилади. Бунинг учун 5 нафар кореялик мураббий жалб этилган. Айни пайтда 240 нафар киши сабоқ олмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўқув жараёнларини кўздан кечириб, ёшлар ва хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
— Ўқиш, изланишга ҳеч қачон кеч эмас. Келиб, касб ўрганаётганингиз эртанги кунингизга бефарқ эмаслигингиздан далолат. Бироз қийин бўлар. Лекин ўзингизни, фарзандларингиз келажагини ўйласангиз, шунга қунт қилинг. Қийинчилик ўтиб кетади, сиз бойлик яратаяпсиз, — деди Президент.
Давлатимиз раҳбари кореялик мураббийлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга миннатдорлик билдирди.
Ҳозиргача мамлакатимизда бу каби марказлар Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бор эди. Фарғонада ташкил янги марказ эса водий вилоятлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Узоқдан келиб, касб ўрганувчилар учун ётоқхона ҳам барпо этилган.