Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни Мадинада бўлиб, Масжидун Набавийни зиёрат қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Маълумки, Мадина ислом тарихидаги энг муҳим шаҳарлардан бири. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) 622 йилда бу ерга кўчиб келганлар. Қуръони каримнинг энг катта суралари шу ерда нозил бўлган.
Масжидун Набавий пайғамбаримизнинг уйи атрофида қурилган улкан масжиддир. Бу ерда Расулуллоҳнинг ҳамда буюк саҳобалар – Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобнинг қабрлари бор. Юксак ҳурмат юзасидан бу жой “Ҳужраи саодат” деб аталади.
Шавкат Мирзиёев ушбу масжидга келиб, Ҳужраи саодатга тавозе билан кирди, Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар айтди. Халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
Давлатимиз раҳбари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи билан ҳам танишди.
Музей кенг қамровли иккита мавзуни ўзида акс эттирган. Биринчиси, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт ва фаолиятлари, иккинчиси, ислом маданияти ва илм-фанининг шаклланиши, унинг ижтимоий-маънавий ҳаётга таъсири. Булар ҳақда кўргазмали экспонатлар ва визуал технологиялар воситасида, бир неча хорижий тилларда маълумот берилади.
Президентимиз музейни кўздан кечириш асносида саудиялик олимлар билан динимиз тарихи, ўзбек ва араб халқларини боғловчи ришталар ҳақида фикр алмашди.
Доктор шайх Носир Заҳроний музейдаги маълумотлар буюк боболаримиз Имом Бухорий ва Имом Термизий асарларидан олинганини айтди. Шавкат Мирзиёев юртимизда бу улуғ алломалар номи билан илмий марказлар ташкил қилингани, ислом маданияти обидалари асраб-авайланаётганини таъкидлаб, олимларни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари Мадинани зиёрат қилиб юрган ватандошларимиз билан ҳам суҳбатлашди.
Шундан сўнг, Жидда шаҳрига жўнаб кетилди.