Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ҳарбий оркестр ижросида “Хотирлаш куйи” янгради. Давлатимиз раҳбари “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.
Бу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Шу маънода “Матонат мадҳияси” урушда ўз боласидан, ўз ёридан жудо бўлган барча оналар, барча аёллар шарафига ўрнатилган муаззам обидадир.
Боғда Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жам бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатда халқимизга табрикларини йўллади.
– Бугун ушбу Ғалаба боғида туриб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман. Бундай дамларда қаҳрамон ота-боболаримиз хотирасини ёдга олиб, уларнинг жасорати олдида таъзим қиламиз. Уларнинг тинчлик ва озодликка бағишлаган серқирра ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган буюк меросдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари бу маскан уруш оқибатларини, тинчлик қадрини ёдга солишини таъкидлади.
– Бугун дунё таҳликали бўлиб бораяпти. Ҳар дақиқа синовли бўлаяпти. Бу бизга ҳам таъсир қиладими? Албатта таъсир қилади. Лекин халқимиз ҳаётига шу таъсирни камайтириш бўйича чоралар кўряпмиз. Меҳнатимиз билан, бирдамлигимиз билан, Худо хоҳласа, бу синовлардан ҳам ўтамиз, – деди Президент.
Вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам мажмуа пойига гуллар қўйди.