Ўзбекистон Республикаси Президенти, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди.
Сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг асосий сиёсий ҳуқуқларидан бири. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида бу борадаги тенглик ва эркинлик кафолатланган.
Охирги беш йилда миллий сайлов қонунчилигимиз такомиллаштирилди ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу йилги Президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтмоқда.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та сайлов округи ва 10 минг 761 та сайлов участкаси тузилди.
Сайловда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия иштирок этмоқда. Бунинг учун уларга тенг ва эркин шароит яратилди.
Бу йилги жараёнлар мамлакатимизда демократия ривожланган, аҳолининг сиёсий фаоллиги янада ошган муҳитда ўтди. Партиялар ўртасида ҳам, сайловчилар ўртасида ҳам қизғин баҳс, муҳокамалар бўлди. Номзодлар бир бирининг сайловолди дастурига танқидий муносабат билдирди. Уларнинг вакиллари ўртасида теледебатлар бўлиб ўтди.
Сайловни қарийб элликта давлат ва йигирмага яқин нуфузли халқаро ташкилотдан жами 971 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда. Сайлов жараёнларида ошкораликни таъминлаш ва хабардорликни ошириш мақсадида 1 минг 700 нафарга яқин маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилган.
Президент сайлови мамлакат келажаги учун муҳим сиёсий воқеадир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, сайловда фаол иштирок этмоқда.
Манбаа: ЎзА