Президент кортежи Хива тумани Шомохулум маҳалласида тўхтади. Давлатимиз раҳбари бу ерда яшовчи Комил Раҳимов хонадонига кириб, аҳолининг яшаш шароитлари билан қизиқди.
Комил ота узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида ишлагани, турмуш ўртоғи Сония ая билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказганини сўзлаб берди. Охирги йиллардаги имкониятлар натижасида янги уйга эга бўлгани, фарзандлари университетга ўқишга кирганини айтди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, Хоразм вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида самимий суҳбат бўлди. Хонадон эгалари бу ўзгаришларни ҳар бир одам ўз ҳаётида сезаётгани, турмуш даражаси, эртанги кунга ишончи ортиб бораётганини таъкидлади.