Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 31 июль куни расмий ташриф билан Минскка келди.
Минск миллий аэропортида олий мартабали меҳмонни Беларусь Бош вазири Сергей Румас, ташқи ишлар вазири Владимир Макей ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари Минскка келгач, анъанага кўра, Беларусь пойтахтидаги Ғалаба монументига гулчамбар қўйди.
Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул аскарларининг тантанали марши бўлиб ўтди
Ташрифнинг асосий воқеалари бугун 1 август куни бўлиб ўтади. Мустақиллик саройида Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти имзоланиши, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.
Президентлар Минскда очилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасига ташриф буюрадилар. Ташриф дастуридан Беларусь юқори технологиялар парки фаолияти билан танишиш ҳам ўрин олган.