Шавкат Мирзиёев: биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижаларини халқларимиз сезиши керак

0
103
марта кўрилган.

“Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми 27 апрель куни «Яньци» халқаро конференциялар марказида делегация раҳбарларининг давра суҳбати тарзида давом этди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Халқаро ва минтақавий ўзаро боғликлик масалалари Марказий Осиё, жумладан, денгиз портларига бевосита олиб чиқувчи йўлга эга бўлмаган мамлакатимиз учун долзарб бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Ўзбекистон мамлакатларимизнинг барқарор тараққиётида муҳим омил бўладиган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини аввалбошданоқ қўллаб-қувватлаган, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари форум давра суҳбатининг Қўшма баёноти қабул қилинишини маъқуллаб, бу минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, умумий мақсадларга эришиш, иқтисодий ўсишнинг янги манбаларини кашф этиш, натижада халқларимиз турмуш даражаси ошишига хизмат қилишини таъкидлади.

Президентимиз Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, “яшил иқтисодиёт” орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, туризмни ривожлантириш, экологик муаммоларни биргаликда бартараф этиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Марказий Осиё минтақасининг транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда Хитой — Марказий Осиё — Ғарбий Осиё иқтисодий йўлагини шакллантириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар автомобиль йўлаги, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой ва Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўллари лойиҳалари бу борада катта истиқболлар очиши қайд этилди. Шунингдек, Сариқ денгиз портлари — Марказий Осиё — Европа йўналиши бўйлаб темир йўлда юк ташишга бир хил тариф ўрнатиш ҳам иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

Президентимиз “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун қишлоқ хўжалигига замонавий технологиялар ва илғор ечимларни жорий этиш масалаларига эътиборни қаратди. 

Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган экологик вазиятни бартараф этиш умумий вазифа эканини таъкидлар экан, Шавкат Мирзиёев шерикларни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун  Траст фонди ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонаси фаолиятида иштирок этишга чақирди. 

Туризм соҳасида алмашинувларни ривожлантириш, бунинг учун “Ипак йўли” бренди остида қўшма дастур ва маҳсулотларни илгари суриш бўйича долзарб таклифлар билдирилди. 

Давлатимиз раҳбари Афғонистон масаласига ҳам эътибор қаратиб, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши Марказий ва Жанубий Осиёда янги тараққиёт манбалари яратишини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев бу борадаги долзарб масалалар жорий йилнинг кузида Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясида (RECCA) муҳокама қилинишини маълум қилди. 

— Тарихий ва маданий меросимиз, олдимизда турган мақсад ва вазифаларнинг ўхшашлиги ҳамда интилишларимиз муштараклиги келажакка катта ишонч билан қарашга имкон беради. Халқларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг ижобий натижаларини албатта сезишлари керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарининг фикр ва ташаббуслари қизиқиш билан кутиб олинди.

“Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми бугун якунланади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.