Шавкат Мирзиёев: Бухоро вилоятини хотин-қизлар масалалари бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак

0
350
марта кўрилган.

Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Когон туманидаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини марказида бўлди.

Йиғин биноси янги лойиҳа асосида барпо этилган бўлиб, унда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Когон тумани кенгаши фаолият юритмоқда. Бу ерда жорий этилган Аёллар ижтимоий мослашув маркази оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва болаларга маънавий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатиш билан шуғулланади.

Кенг ва шинам хонада жойлашган, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон базасига уланган замонавий кутубхона аҳоли, айниқса ёшлар учун маърифат масканидир. Марказ яқинида жойлашган иккита сунъий қопламали майдон ҳамда тренажерлар зали маҳалла болалари ва ўсмирларининг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади. 

Шунингдек, фуқаролар йиғинида яқинда мамлакатимизда энг намунали деб топилган ҳамда “Nexia 3” русумли автомобиль билан тақдирланган замонавий ички ишлар таянч пункти ҳам фаолият юритмоқда. Маҳалла маркази ҳудудида барпо этилган кундузги стационар ва тантаналар зали ҳам аҳоли хизматида.

Ташриф чоғида бугунги кунда Бухоро вилоятида 35 мингдан зиёд аёллар иш билан таъминланмагани, хотин-қизлар жиноятчилиги сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди
Президентимиз бу ҳолат миллий менталитетимизга ётлиги,  буюк тарих ва юксак салоҳиятга эга бўлган Бухорога мутлақо ярашмаслигини таъкидлади.

— Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, маҳалла ва ички ишлар органлари биргаликда ишлаши, ҳар бир аёл билан суҳбатлашиб, муаммолари бўлса, керакли ёрдам бериши зарурлигини таъкидлади. 

Кўплаб муаммоларга, аёлнинг жиноятга қўл уришига ажримлар сабаб бўлаётгани, унинг олдини олиш учун ёшларнинг, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев маҳалла маркази ходимлари, шу ердаги интеллектуал клуб аъзолари бўлган ёшлар билан мулоқот қилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.